Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 150 дан зиёд вакили иштирок этди.
Форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Ж.Хўжаев, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Л.Қудратов, Корея Республикасининг кичик ва ўрта бизнес ассоциацияси ва “Shingdon Resources” компанияси раиси Ким Ёнг Гу, Хвасон шаҳри савдо-саноат палатаси раиси Пак Сунг Квен ва бошқалар сўзга чиқди.
Корея Республикаси Ўзбекистоннинг ишончли савдо ва инвестициявий шерикларидан. Мамлакатларимиз ўртасида мустаҳкам савдо ҳамкорлиги ўрнатилган. Ўзбекистонда кореялик ишбилармонлар сармояси иштирокида 460 дан зиёд корхона нефть-газ, кимё саноати, автомобилсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, электротехника, логистика, тўқимачилик, ахборот технологиялари, тиббиёт, таълим ва бошқа соҳалар бўйича фаолият юритмоқда. Корея Республикасининг Ўзбекистонга йўналтирган тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 7 миллиард АҚШ долларидан ошган.
Статистикага кўра, жорий йилнинг 9 ойида мамлакатларимиз ўртасида савдо айланмаси 34 фоизга ошиб, 1,28 миллиард долларни ташкил этган. Форумда бу рақамлар йил якунига қадар яна ошиши, яқин истиқболда томонлар савдо айланмасини 3 миллиард АҚШ долларига етказишни режалаштираётгани маълум қилинди.
Ташқи савдо вазири Ж.Хўжаевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда йилига 20 миллион тоннадан зиёд мева-сабзавот етиштирилмоқда. Сифати юқори ва витаминларга бой бўлган маҳсулотларимизни Корея Республикасига тўғридан-тўғри етказиб бериш кенгаймоқда. Мева-сабзавот етказиб бериш ҳажмини ошириш мақсадида кореялик ҳамкорларга Ўзбекистонда карантин инфратузилмаларини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Шу билан бирга юртимиз Корея бозорига рангли ва нодир металлар етказиб беришга ҳам тайёр. Турли саноат тармоқларини модернизация қилиш мақсадида ўз навбатида, Кореядан юқори технологияли ускуналар импорт қилинади.
Мамлакатимизда яратилган қулай инвестициявий шароит кореялик ишбилармонларни тобора ўзига жалб қилмоқда. Бугунги кунда Кореядан 15 мингдан зиёд кичик корхона Ўзбекистонга келишга тайёр турибди. Форумда Корея Республикасининг Хвасон шаҳри савдо-саноат палатаси раиси Пак Сунг Квен шу ҳақда маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ўртада шаклланган мустаҳкам иқтисодий муносабатлар бундан кейин ҳам ҳамкорлик қирраларини кенгайтириб боради.
Форумда мамлакатимиздаги эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналаридаги имкониятлар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида маълумот берилди. Ҳамкорликда энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм, коммуникация, молиявий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги қўшма дастурларни ишлаб чиқиш имкониятлари хусусида сўз юритилди, тақдимотлар ўтказилди.
Хусасан, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти раиси Б.Зарипов кореялик ишбилармонларни янги лойиҳалар билан таништирди. Маълум қилинишича, “Ўзқурилишматериаллари” АЖнинг ҳудудларда 100 дан зиёд корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материалларининг 10 фоиздан зиёди ушбу корхоналар ҳиссасига тўғри келади.
Форумда “Ўзқурилишматериаллари” сантехника жиҳозлари, керамика-гранит плиталарини ишлаб чиқариш бўйича кореялик ишбилармонларни ҳамкорликка таклиф этди.
Бизнес-форумда иштирок этган Корея Республикасининг “Indexs Global”, “Samshin machinery co. ltd”, “Duk-In”, “Yezi Reflex”, “Dongho Cosmo Co.Ltd.” каби компаниялари мамлакатимизда жаҳон бозорида талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича маҳаллий компаниялар билан ҳамкорликка тайёр эканини тасдиқлади.
– “Dongho Cosmo Co.Ltd.” компанияси раиси Че Ёнг Кимнинг тақдимоти бизда катта қизиқиш уйғотди, – дейди Учкўприк тумани ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ж.Алижонов. – Ушбу компания Ўзбекистон билан самарали ҳамкорлик қилмоқда. Бугунги учрашувларда ушбу компанияни туманим
издаги маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик қилишга чақирдик.
Форум доирасида икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий битимлар имзоланди.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА