2021 йил Луврда ўтказиладиган «Ипак йўлидаги цивилизация ва маданиятлар» кўргазмаси учун Ўзбекистон музейларидан экспонатлар танланмоқда.
Унда Ўзбекистон Давлат санъат музейида сақланаётган тўртта қадимий топилмалар иштирок этиши аниқланди.
Сизда улар қайсилар деган ҳақли савол туғилган бўлса керак. Ваҳоланки, юртимизнинг қадимий ёдгорликлари шу қадар кўпки, уларнинг ҳар бири мазкур музейни безаб, дунё аҳлига кўз-кўз қилишга арзийди.
Шундай бўлсада энг қадимийлари танлаб олинди.
Бу мамлакатимизнинг антик даврига хос санъат асари бўлиб, милоддан олдинги биринчи асрга тегишли. У Холчаён саройидан топилган бўлиб, қизил ва оқ рангдаги лойдан ясалган кекса эркакнинг бош қисми. Мазкур сарой ҳозирги Сурхондарё вилоятининг ҳудудига тўғри келади.
Иккитаси эса еттинчи асрга хос бўлиб, Фарғона вилоятининг Қува шаҳридаги будда ибодатхонасидан топилган. Маҳалий ҳайкалттарошлар яратган жаҳлдорлик худоси -пешонасида одам склети ўрнатилган бўлиб, қўрқинчли тарзда ишланган. Лойдан ясалган яна бир ҳайкалда ёвузликнинг акси бўлган Эзгулик худоси тасвирланган. У уч кўзли бўлиб, пешонасидаги кўз ўрни донишмандлик маъносини беради. Улар битта ҳудудда бир даврда яратилган.
Кўпчиликда қизиқиш уйғотадиган ов манзараси акс этган экспонат ҳам Луврга боради. У Бухоронинг Варахшасидан топилган бўлиб, ёзги саройнинг деворидан олинган бўлак. Деворга чизилган бу суратда- ўртада фил, икки четда йўлбарслар, фил устида ҳукумдор, унинг ёнида хизматкор тасвирланган. Номаълум рассом чизган бу суратда бизнинг ҳудудларда учратиш қийин бўлган ҳайвонлар акс эттирилгани учун у тасаввурга таянган ҳолда чизилган бўлса керак деган тахминлар бор. Сурат тагидаги нақш элиментлари жуда оддий бўлиб, у юртимизда пайдо бўлган дастлабки нақшлардан ҳисобланади.
Шу ўринда Лувр музей ва ундаги бизга тегишли бўлган тарихий ёдгорликлар ҳақида қисқача маълумот.
Унинг экспонатлари 6 та коллекцияга ажратилган. Шарқ коллекциясининг ўзи 24 та зални эгаллаган. У ерда мамлакатимиз тарихига оид минглаб ашёлар бор. Жумладан, Амир Темур бобомизнинг Қирол Шарл VIга ёзган мактуби, Аҳмад Яссавий мақбараси учун Соҳибқирон ясаттирган шамдонлардан бири, қадимий қурол-аслаҳалар, қабртошлардаги битиклар ва бошқа буюмлар буюк ўтмишдан сўзлайди.
Дунёдаги энг машҳур музейлардан бири бўлмиш Лувр Франциянинг ўзига хос “ташриф қоғози”дир. У бадиий коллекцияси бўйича жаҳонда биринчи, майдонининг катталиги бўйича иккинчи ўринда туради.
Сайёра Шоева, ЎзА