Ўзбекистон – Франция: тарихий ташриф ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб берди

Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 8-9 октябрь кунлари ушбу мамлакатга расмий ташрифи муҳим тарихий воқеа сифатида эътироф этилмоқда.

Мазкур ташрифнинг аҳамияти ҳақида икки мамлакат кенг жамоатчилиги вакиллари, йирик тадбиркорлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.

Элёр Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари:

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Францияга амалга оширган расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон – Франция бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда Франциянинг 200 дан ортиқ етакчи компаниялари вакиллари иштирок этди. Улар орасида “Total”, “Total Eren”, “Orano”, “Airbus”, “Buig”, “Vence”, «Medef International» каби дунёга машҳур йирик компаниялар борлиги эътиборлидир. Учрашувда француз ишбилармонлари мамлакатимиздаги ўзгаришлар, хусусан, бизнес вакиллари, инвесторларга кенг йўл очилаётгани, уларга шароитлар яратиб берилаётгани, валюта бозорининг эркинлашгани бўйича ижобий фикрлар билдирди. Бизнесдаги шаффофликнинг таъминланаётгани боис, улар мамлакатимизда ўз лойиҳаларини амалга оширишни исташмоқда. Француз ишбилармонлари республикамизда бизнес юритишдаги бюрократиянинг, қоғозбозликнинг йўқолганини энг катта ижобий ўзгариш сифатида алоҳида қайд этмоқда.

Абдулазиз Комилов, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири:

– Давлатимиз раҳбарининг Франция Президенти Эммануэль Макрон билан учрашувида жиддий ва долзарб масалалар муҳокама қилинди. Учрашувда минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги қарашларимиз, позициямиз бир-бирига мос келиши эътироф этилди.

Минтақадаги хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш чоғида, албатта, Афғонистон муаммоси ҳам кўтарилди. Франция Президенти бу борадаги Ўзбекистон сиёсатини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Тадбиркорлар билан бўлган учрашув ҳам самарали бўлди. Президентимиз франциялик йирик ишбилармон доиралар вакиллари, тадбиркорларни қизиқтирган саволларга аниқ жавоб берди. Улар Ўзбекистонда бизнес юритишга катта қизиқиш билдирмоқда.

Борис Элизабет, «GEIP» фармацевтика компаниясининг шарқий Европа қўмитаси раҳбари:

– Компаниямиз юз йиллик тарих ва ўзининг қадимий анъаналарига эга. Дунёнинг кўплаб давлатларида фаолият юритамиз. Аммо шу кунга қадар ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан алоқаларни йўлга қўймаган эдик. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтган бизнес-форумда иштирок этдик ва мамлакатингизни қайта кашф қилдик. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар бизни қизиқтириб қўйди. Шу боис мамлакатингизга ташриф буюриб, ҳамкорлик қилишни мақсад қилдик. Таъкидлаш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар хорижлик, хусусан, француз компанияларининг Ўзбекистонга кириб боришини қўллаб-қувватлайди. Негаки, инвесторларнинг Ўзбекистонда фаолият юритиб, сармоя киритиши учун барча ҳуқуқий асослар мавжуд.

Жереми Пелле, Франция тараққиёт агентлиги ижрочи директори ўринбосари:

– Ўзбекистон – Франция бизнес-форумида мамлакатингиз ишбилармон доиралари вакиллари билан шартномаларни имзолашга муваффақ бўлдик. Мақсадимиз, юртингизга катта инвестиция киритишдир. Дастлаб олти юз минг евро, кейинчалик эса буни янада ошириш ниятидамиз. Аграр, қайта ишлаш саноати, сувни тозалаш, туризм каби соҳаларда ҳам ҳамкорлик қилиш режамизда бор. Ўйлашимча, ватанингиз кенг имкониятларга эга. Бу ташриф эса бизнинг имкониятларимизни ишга солиш учун муҳим қадам бўлди. Давлатингиз раҳбарининг ҳар бир фикри ва таклифини қўллаб-қувватлаймиз.

Гийом Мельман, «Фивс» металлургия ва шиша ишлаб чиқариш компанияси президенти:

– Асосий мақсадимиз мамлакатингизда шиша ишлаб чиқариш саноатини ривожлантиришдир. Шу мақсадда биз Жиззах вилоятига энг замонавий русумдаги технологияларни олиб кирмоқчимиз. Бу билан Ўзбекистонда шиша ишлаб чиқариш салоҳияти 3-4 баробарга ортиши мумкин. Шунингдек, автосаноатга ҳам эътиборимизни қаратмоқчимиз. Аслида Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳити бизга яхши таниш. «Ўзавтосаноат», «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамиятлари билан ҳамкорликда ишлаб келамиз. Шу боис ҳам узоқ муддатли ҳамкорликни мўлжаллаяпмиз.

Жеральдин Лембле, «Medef International» компанияси бош директори ўринбосари:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи икки мамлакат ишбилармонлари учун самарали мулоқотга асос солди. Бу ташриф доирасида ўтказилган бизнес-форум амалий натижаларга бой бўлди. Яхши маълумки, тадбиркорлар у ёки бу мамлакатга томоша учун бормайди. Уларнинг аниқ мақсадлари бўлади. Қайсики мамлакатда ишбилармонлик муҳити яхши бўлса, инвестиция кафолатланса ўша юртга тадбиркорлар кириб келади. Бугунги Ўзбекистонда шундай муҳит мавжуд эканини яна бир бор намоён этди. Шавкат Мирзиёевнинг ташрифидан сўнг француз компанияларининг Ўзбекистонга қизиқиши ортмоқда.

Фредерик Бопертюи-Брессанд хоним, Франциядаги Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганиш ассоциацияси президенти, тарихчи олима, Самарқанд шаҳри фахрий фуқароси:

– Бундан 30 йил муқаддам Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганиш ассоциациясини ташкил қилганимизда Самарқанд, Ўзбекистон ҳақида жуда камчилик биларди. Бошланишига жуда қийин бўлган. Бугун кўпчилик французлар Ўзбекистонни яхши билади, халқингиз маданиятига қизиқади. Француз археологлари билан ўзбек олимлари ўртасида ҳамкорлик кучаймоқда. 2019 йилда Тошкент ва Самарқандда бир қатор тадбирларни ўтказишни режалаштирганмиз.

Ўзбекистон Президентининг Францияга расмий ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Мен Шавкат Мирзиёевни Самарқанд вилояти ҳокими бўлган вақтдан буён биламан. У бугун мамлакатни шаффоф тамойилларга асосланган янги ислоҳотлар руҳи билан бошқармоқда. Бу Ўзбекистон учун жуда муҳим.

Франц Грене, археолог олим, Самарқанд шаҳри фахрий фуқароси:

– Марказий Осиёда Ўзбекистон биринчилардан бўлиб Франция давлатига археологик қазишмаларни олиб боришга рухсат берган. Биз 1998 йили мамлакатингизда археологик тадқиқотлар билан шуғулланганмиз. Хусусан, Афросиёбдаги топилмалар устида ишлаганмиз. Ўзбекистон ва Франциянинг маданий ва таълим соҳасидаги алоқалари давом этиб келмоқда. Мен Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг кўп маданий обидаларга эга мамлакат сифатида биламан. Ўзбекистон туристик жозибадор диёр. Бу ерда сайёҳлик ривожланса давлат иқтисодиётига катта даромад келиши аниқ.

Яник Линц, Лувр музейининг Ислом санъати департаменти директори:

– Биз 2021 йил октябрда очилиши кутилаётган Ўзбекистон экспозицияси тўғрисида ўзаро англашув меморандумини имзоладик. Ўзбекистон Президенти Лувр музейига ташриф буюриб, ушбу йирик лойиҳани қўллаб-қувватлади. Бу кўргазма Ўзбекистоннинг Буюк ипак йўлида тутган ўрнига бағишланади. Инсоният ва ислом дунёси тарихида Ўзбекистон маданияти энг муҳим манбалардан биридир. Биз дунёнинг турли бурчакларидан Луврга келадиган миллионлаб меҳмонларга Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Яқин Шарқ билан тарихий чорраҳада жойлашган Ўзбекистоннинг тарихи, тамаддуни, маданияти қанчалик бебаҳо ва қимматли эканини намойиш қилиб келамиз.

 

ЎзА