“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Ўзбекистон фуқаролари мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳақида“ мавзусида ижтимоий сўров ўтказилди.
Ундан кўзланган мақсад, давлатимиз раҳбари томонидан мазкур ҳужжатда белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш самарадорлиги тўғрисида жамоатчилик фикрини аниқлашдан иборат.
Сўровда юртимизнинг барча ҳудудларидан турли касб эгалари, ёшлар ва катта ёшдаги фуқаролар, турли миллат ва конфессия вакиллари иштирок этди. Бу натижаларнинг юқори даражада ишончли бўлишини таъминлади.
Ижтимоий сўровнинг ўзига хос хусусияти, у фуқароларнинг Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси доирасида Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган тадбирлар ва уларнинг амалга оширилишига тўсқинлик қилаётган омилларга тўлақонли баҳоси ҳисобланади.
Сўров натижалари фуқароларимиз томонидан Мурожаат доирасида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тўлиқ қўллаб-қувватланаётганидан далолат бермоқда. Аҳолининг учдан бир қисмидан ортиғи (34,9 фоиз) давлат бошқаруви тизимининг маълум ваколатларини республика органлари ва бошқармаларидан вилоят, шаҳар, туманларга ўтказган ҳолда ислоҳ қилиш жадал суръатларда амалга оширилмоқда, деб ҳисоблайди. Фуқаролар чиндан ҳам ўткир муаммолар ўз ечимини топаётганини ҳис қилаётгани, ҳатто мураккаб масалаларни ҳам жойида ҳал этиш мумкинлигига ишонишини қайд этган.
Ижтимоий сўров давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш ва маҳаллий ҳокимият органларига ваколат беришга тўсқинлик қилаётган асосий сабабларни аниқлаб берди. Бюрократик тўсиқлар мавжудлиги, малакали ва ташаббускор кадрлар танқислиги, айрим амалдорларнинг ўзгаришларга тайёр эмаслиги, баъзи маҳаллий ҳокимият органлари ходимларининг аҳоли муаммоларига лоқайдлиги шулар жумласидандир.
Мониторинг фуқароларнинг объектив баҳоси асосида Олий Мажлисга Мурожаатномада ННТни қўллаб-қувватлаш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича белгилаб қўйилган чора-тадбирларни амалга ошириш суръатларининг ижобий динамикасини аниқлади. Бироқ, фуқароларнинг 32,9 фоизи фуқаролик жамиятлари секин ривожланаётгани, кўплаб ННТлар фақат ҳужжатлардагина мавжудлиги, ноҳукумат сектори талаб даражасида ривожланмаётганини қайд этмоқда. ННТларнинг жамиятнинг муҳим ижтимоий муаммоларини ҳал этишдаги роли ва давлат органлари билан мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича ўзаро ҳамкорлиги етарли даражада эмас.
Фуқароларнинг ярмидан кўпи (61,9 фоиз) мамлакатда фуқаролик институтларини ривожлантириш, жамият ҳаётининг турли жабҳаларини демократлаштириш ва либераллаштиришдаги ролини ошириш йўлидаги ишларни янада такомиллаштириш учун жамиятда сиёсий ва ҳуқуқий маданият, ижтимоий масъулиятни ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриш зарур, деб ҳисоблайди. 56,4 фоиз респондентнинг фикрича, ННТ фаолиятини оптималлаштириш ва фуқаролик жамияти институтларини фаоллаштириш учун ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишга аҳолининг кенг қатламини жалб қилиш лозим.
Фуқароларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони ННТлар фаолиятини такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини кенг йўналишларда ҳал этиш бўйича давлат ва фуқаролик жамияти ўртасида амалий мулоқотни йўлга қўйиш имконини беради.
Респондентларнинг 40,1 фоизи суд-ҳуқуқ тизимини модернизация қилиш ўртача амалга оширилмоқда, деб ҳисоблайди. 61,9 фоиз фуқароларнинг фикрича, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш жараёнига айрим мансабдор шахслар томонидан хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш тўсиқ бўлмоқда. Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муваффақиятли амалга оширилиши йўлидаги тўсиқлар сифатида суд-ҳуқуқ тизими ходимлари малакаси етарли даражада эмаслиги, бюрократизм, йиллар давомида шаклланган тизимни ўзгартиришни истамаслик ҳолатлари кўрсатилди. Шунингдек, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг амалга оширилишига баъзи аҳоли қатламларининг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлиги талаб даражада эмаслиги тўсқинлик қилмоқда.
Мамлакатда иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатиш механизмларини соддалаштиришга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш суръатларини ижобий баҳолаётган фуқаролар сони ўсиш тенденциялари аниқланди. Фуқароларнинг 46,4 фоизи фикрича, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, соҳада мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқларга барҳам беришга йўналтирилган чора-тадбирлар тез суръатларда самарали амалга оширилмоқда.
Фуқароларнинг 61,1 фоизи фикрича, бизнес соҳаси вакилларида ҳуқуқий билимлар етарли эмаслиги иқтисодиётни либераллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш йўлидаги асосий тўсиқдир. Тадбиркорларнинг аксарияти қонунчиликни яхши билмайди, хўжалик фаолиятини қонуний амалга ошириш усулларини етарлича англаб етмайди.
Сўров иштирокчилари бюрократизм ва айрим ходимларнинг мавжуд тизимни ислоҳ қилишга қаршилик кўрсатиши, замон талабларига мувофиқ ўзгариш ва янгича ишлашни хоҳламаслиги, кадрлар малакаси етарли эмаслиги иқтисодиётни янада ривожлантиришга йўл бермаётган сабаблар сифатида қайд этди.
Сўров натижаларига кўра, мамлакатимизда фуқаролар манфаатини таъминлаш, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугун фуқаролар ижтимоий соҳада юз бераётган ижобий ўзгаришларни ҳис қилмоқда. Булар аҳолининг бандлик даражасини ошириш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ва модернизация қилиш, аҳолининг фаровонлигини оширишдир.
Фуқаролар фикрича, белгиланган истиқболли йўналишларни амалга оширишга қодир профессионал кадрлар етишмаслиги ижтимоий соҳани модернизация қилишга тўсқинлик қилмоқда.
Сўров доирасида фуқаролар (37,9 фоизи) доим замон талабларига мос бўлмаган тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатидан қониқмаётганини қайд этган. Соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотларни амалга оширишни ортга сураётган асосий омиллар айрим тиббиёт ходимларида касб малакасининг етишмаслиги, тиббиёт муассасаларида коррупция, хусусий клиникаларда тиббий хизматлар баҳоси юқорилиги ва оилавий поликлиникалар ҳамда қишлоқ врачлик пунктларида бепул тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг пастлиги, шифокорлар ва тиббиёт ходимларининг иш ҳақи камлиги билан боғлиқ экани таъкидланди.
Сўров иштирокчиларининг аксарияти таълим соҳасида сўнгги вақтларда таълим муассасалари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатаётган ўзгаришлар содир бўлаётгани тўғрисидаги фикрларни илгари сурмоқда. Фуқаролар фикрича, мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда шароит яхшиланмоқда, мавжудларини таъмирлаш ва янгиларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда.
Респондентлар олий таълим муассасаларига киришда тест синовлари ўтказиш тартибини такомиллаштиришга йўналтирилган янгиликни алоҳида қайд этди. Ўзгаришлар коррупциянинг олдини олиш, тест синовларининг шаффофлиги ва абитуриентларни онлайн тартибда кузатиш имкониятини таъминлашга ёрдам беради.
Фуқаролар фикрича, ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий, интеллектуал ва жисмоний жиҳатдан ривожланиш даражаси, ўқитувчи касбининг нуфузи ва обрўсини ошириш, умумтаълим мактаблари ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ўқув-тарбия жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технологияларни жорий этишга йўналтирилган ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда.
Таълим соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш суръатларини ижобий баҳолаётган фуқаролар сонининг ўсиш тенденцияси аниқланди. 2018 йилнинг учинчи чорагида таълим ислоҳотлари жадал суръатларда амалга оширилаётганини эътироф этган респондентлар сони 9,3 фоизга ошди.
Фуқаролар таълим тизимини модернизация қилишни ортга сурувчи сабаб ва омиллар сифатида жойлардаги масъул ходимларнинг ўз ишига юзаки ва совуққон муносабатда бўлиши, бюрократизм ва мазкур соҳа ходимларида ижро интизоми пастлиги, тарбиячи, устоз ва ўқитувчилар меҳнатига етарлича ҳақ тўланмаслиги ҳолатларини қайд этган. Сўров иштирокчиларининг фикрича, таълим ислоҳотлари йўлидаги тўсиқлар юқори малакали профессионал кадрлар етишмаслиги, ёшларнинг ўқитувчилик касбини эгаллашни хоҳламаслигида намоён бўлади.
Сўров Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиёда ҳам тинчликни асраш, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича самарали чора-тадбирлар амалга оширилаётганини кўрсатди. Фуқаролар фикрича, мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳудудий ва халқаро ҳамкорлик, экстремистик ва террористик ғоялар тарқалишига қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мамлакатимиз Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг истиқболли йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистонда хавфсизлик ва барқарорликни, тинч ва осойишта ҳаётни янада мустаҳкамлаш, жамоатчилик тартибини сақлашга хизмат қилувчи ижобий ўзгаришларни қайд этаётган фуқаролар сони ўсмоқда.
Умуман, сўров натижалари жамиятда Президентимиз Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсат аҳоли томонидан қўллаб-қувватланаётгани, амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий куч-қудратини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг техник ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилишига қатъий ишончини яна бир карра исботлади.