Элчи Цзянь Янь хоним Қорақалпоғистонга келди

Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзянь Янь хоним Қорақалпоғистонга келди. 
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов Цзянь Янь хоним билан учрашди. Унда меҳмонга ҳудуднинг табиати, географик жойлашуви, қорақалпоқ халқи маданияти, миллий бойликлари ва маъмурий бошқарув тузилиши ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда янги босқичда жадал ривожланаётгани таъкидланди.
Орол денгизининг қуриши нафақат ушбу минтақа, балки бутун дунё ҳамжамиятининг муаммосига айланди. Ҳудудда юзага келган экологик муаммоларни бартараф этиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ташриф доирасида меҳмонлар айрим лойиҳалар билан танишди.
Элчи, шунингдек, БМТ Тараққиёт дастурининг Қорақалпоғистондаги офисида бўлиб, “Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича Кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Мазкур лойиҳа Қорақалпоғистоннинг Шуманай, Мўйноқ ва Тахтакўпир туманлари аҳолиси бандлигини таъминлаш ва турмуш шароитини яхшилашдан иборат.
Меҳмон куннинг иккинчи ярмида Амударё туманида бўлиб, “Лойиҳа ҳудудларининг сув билан таъминланиш даражасини кўтариш учун Амударё ва каналларни тозалайдиган ускуналарни сотиб олиш” лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА