Қозоғистон Ўзбекистон билан янги савдо зонаси ва “Туркистон” ўтиш пунктини ташкил этади

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ҳукуматга Ўзбекистон билан биргаликда янги савдо зонаси ва “Туркистон” ўтиш пунктини ташкил этиш масаласини ўрганиш топшириғини берди. 
“Марказий Осиё” халқаро савдо зонасини ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Бу ҳам Туркистон вилояти, ҳам бутун республика иқтисодиётини ривожлантиришга куч бахш этади. Бизда 2020 йилга бориб Ўзбекистон билан ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажмини йилига 5 миллиард АҚШ долларига етказиш имконияти бор. Шунинг учун ҳукуматга Туркистон ҳокимияти билан биргаликда ўзбек томони билан халқаро савдо зонаси ҳамда янги “Туркистон” халқаро назорат ўтиш пунктини ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқишни топшираман”, дейди Нурсултон Назарбоев.
2018 йил Қозоғистонда “Ўзбекистон йили“ деб эълон қилинган. Расмий маълумотларга кўра, 2017 йил якунлари бўйича мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси 8.6 фоизга кўтарилиб, 2 миллиард АҚШ долларидан ошган. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан маҳсулот айирбошлаш ҳажми 52 фоизга ошгани ҳолда, ўзбек экспорти 48 фоизга кўпайган.
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев йирик компаниялар раҳбарларига Туркистон вилоятининг маъмурий маркази Туркистон шаҳрида биттадан объект қуришни топширди, дея хабар берди Туркистон вилояти матбуот хизмати.
Н.Назарбоев Туркистон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига қаратилган мажлисда шу топшириқни берди. “Давлат раҳбари ҳар бир иншоотни қоғозда аниқ белгилади ва қурилиш кимга топширилганини ёзиб қўйди”, дейилади ҳокимият хабарида.
Давлат томонидан доимий равишда қўллаб-қувватлаб келинадиган тадбиркорлар орасида “ENRC“ корпорацияси эгаси миллиардер Паттоҳ Шодиев ҳам бор. Унга хабарларга кўра, Туркистонда турк халқлари музейини қуриш топширилди.
“КазМунайГаз” компанияси бошқарув раиси Сауат Минбаевга халқаро талабларга мос келадиган стадион қуриш топширилди.
Ҳокимият хабарига кўра, “BI Group“ компанияси “Қозоқ хонлари, бийлари ва ботирлари Марказини” қуради, “Хайвилл Казахстан” қурилиш фирмаси эса турар жой мажмуаларини барпо эта бошлайди.
Қозоғистон темир йўллари магистрал тармоғи оператори —“Казахстан темир жолы” компанияси Ёшлар саройини қуради, “KEGOC“ компанияси эса “Хўжа Аҳмад Яссавий мини-музейи”ни барпо этади.
Ўз навбатида, тадбиркор Данияр Абилгазин сув спорт мажмуаси қуришга ваъда берди. Тадбиркор Нурлан Смагулов — автосалон очишга ваъда берди.
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Туркистон шаҳрига сафари чоғида яқинда республика аҳамиятига молик шаҳар мақомини олган Чимкент таркибидан чиқиши муносабати билан минтақа иқтисодий базаси пасайиши фонида Туркистон вилоятининг молиявий барқарорлиги мустаҳкамланишининг муҳимлиги ҳақида маълум қилди.
Бу ҳақда Қозоғистоннинг Туркистон вилоятини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш якунида маълум бўлди, деб хабар беради маҳаллий ОАВ.

 

ЎзА