Халқаро пресс-клуб сессиясида Ўзбекистонда ёқилғи-энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, тежамкорлик ва истеъмол маданияти борасидаги муаммолар мутахассислар иштирокида таҳлил қилинди.

Тадбирда соҳа мутахассислари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, экспертлар ва журналистлар иштирок этди.

Дастлаб, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Одил Темиров тизимдаги муаммолар ҳақида сўз юритди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, бугунги кунда 100 минг нафардан зиёд катта меҳнат жамоасига эга нефть-газ тизимида муаммолар кўп. Жумладан, геология-қидирув йўналишида технологиялар, қурилмалар маънан эскирган. Уларни янгилаш зарур. Шу мақсадда 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастур қабул қилинган ва шу асосда ишлар бошлаб юборилган.

Аксарият нефть-газ конлари ўттиз беш-қирқ йиллар давомида фақат эксплуатация қилинган. Ўз навбатида, табиий бойликлар захираси ҳам чексиз эмас. Бугун мавжуд конларда уларни қазиб олиш жараёни мураккаблашган. Масалан, бир вақтлар газ 1-1,5 минг метр чуқурликдан қазиб олинган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 2-4 минг метрга етган.

Нефть маҳсулотлари қазиб олиш ва ишлаб чиқариш йўналиши бўйича хомашёнинг 40-50 фоизи импорт қилинади. Табиийки, бу жиҳатлар соҳага катта маблағ йўналтиришни талаб қилади.

Бошқарув раиси ўринбосарининг фикрича, тизимдаги муаммоларни ҳал қилишда инвестиция сиёсати муҳим аҳамият касб этади. Бу борада ҳам қатор масалалар ечимини кутиб турибди. Аввало, энергия ресурсларининг амалдаги тарифини қайта кўриб чиқиш зарур. Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ халқаро рейтингга эга эмас. Бугунги кунда халқаро ташкилотлар иштирокида Ўзбекистондаги ёқилғи-энергетика корхоналари стратегиясини аниқлаш борасида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Электр энергияси таъминотидаги янгиликлар ҳам кўпчиликни қизиқтиради. Тадбирда иштирок этган “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари Рўзиқул Раимов бу ҳақда маълумот берди.

– Жорий йилнинг 9 ойида 45,5 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди ва режа 104 фоизга бажарилди. Йил давомида 63,7 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилган, – деди у. – Электр энергияси ишлаб чиқарувчи станцияларнинг 84 фоизи 50 йилдан буён ишлаб келади. Бинобарин, уларни босқичма-босқич таъмирлаш эҳтиёжи юзага келган. Мамлакатимизда 8700 километрлик магистраль тармоқлар мавжуд. Уларнинг 2400 километрида таъмирлаш ишлари олиб бориш керак. Паст кучланишли ҳаво тармоқлари, яъни симёғочларнинг 60 фоизи эскирган. Буларнинг барчаси тизимда туб ислоҳотлар амалга оширишни талаб қилади.

“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти тизими ҳам муаммолардан холи эмас. Жамият бошқаруви раиси Шарифжон Турсуновнинг айтишича, газ қувурлари доимий назоратда бўлиши керак. Аксарият қувурлар эскирган. Бунга асосий сабаб маблағларнинг нотўғри тақсимлангани, газ таъминоти тўғри бўлмаганидадир. Албатта, бу борадаги вазиятни у қадар оғир, деб бўлмайди. Лекин тизим ислоҳотларга муҳтож.

Тадбирда меҳнат фахрийлари мавзуга доир кескин танқидий фикрлар билдирди.

– Бу борадаги ислоҳотларни тизимда талон-тарожликларга барҳам беришдан бошлаш керак. Хусусан, электр энергияси, газдан ноқонуний фойдаланишга чек қўйиш, ускуналарни талон-тарож қилишнинг олдини олиш зарур. Бугун Мажбурий ижро бюроси ходимлари аҳолидан тўловларни ундиради, холос. Фикримизча, бу тизим аҳоли манфаатларини ҳам ҳимоя қилиши керак. Яъни электр энергияси, сув ва газ таъминотидаги узилишлар ёки етишмовчилик каби масалаларда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш мақсадга мувофиқ, – деди Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси раиси ўринбосари Шароф Убайдуллаев.

Халқаро пресс-клуб сессиясида мавзуга доир муҳокамалар қизғин кечди. Журналистлар саволларига жавоб қайтарилди.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА