Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бу ҳақда қайд этилди.
Масъул ташкилотлар 2018 йил 1 ноябргача қишлоқ жойларда бир нечта кўп қаватли турар жой уйлари ёки уйлар гуруҳларидан иборат янги мажмуаларни лойиҳалаштириш нормативлари ва тартибини ишлаб чиқади. Ҳамда кўп қаватли турар-жой уйларининг биринчи қаватларида ёки алоҳида бино кўринишида мактабгача таълим муассасаси бўлиши юзасидан таклифларни беради.
Қарорда белгиландики:
Қишлоқ жойларда бир нечта кўп қаватли турар жой-уйлари ёки уйлар гуруҳларидан иборат янги қурилаётган мажмуалардаги мактабгача таълим муассасасининг энг кам қуввати 50 ўриндан кам бўлмайди.
Қурилган мактабгача таълим муассасалари бинолари ёки хоналари давлат ёки нодавлат таълим муассасаларини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида, турар-жой мулкдорларининг қарорига мувофиқ ташкил қилиш учун фойдаланилиши мумкин.
Давлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш, тугатиш, уларга тегишли ер участкалари ва кўчмас мулкни олиб қўйиш фақат Вазирлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Келишмаган ҳолда қарор қабул қилган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.
Б.Мелиқулова, ЎзА