Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг Ҳайдаробод саройига ташриф буюрди. Икки давлат раҳбарлари дастлаб тор доирада учрашув ўтказди.
Нью-Деҳли, 30 сентябрь.
ЎзА махсус мухбири Матназар Элмуродов хабар қилади
Мулоқот чоғида таъкидланганидек, ўзбек ва ҳинд халқларининг тарихи муштарак, мамлакатларимиз алоқаларининг мустаҳкам пойдевори яратилган. 2011 йилнинг май ойида имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнот кенг кўламли йўналишлар, жумладан, ҳар икки томон учун манфаатли бўлган ҳамкорликни янада фаоллаштириш имконини бермоқда.
Ўзбекистон билан Ҳиндистон халқаро майдонда, жумладан, БМТ ва ШҲТ доирасида бир-бирининг ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Минтақавий ва халқаро долзарб масалалар бўйича томонларнинг позициялари ҳам ўхшаш.
Учрашувда Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
ЎзА