Деҳлида Ўзбекистон-Ҳиндистон бизнес форуми бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи арафасида Деҳлида Ўзбекистон-Ҳиндистон бизнес форуми бўлиб ўтмоқда. 
Мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, йирик ташкилотлари ва ишбилармон доираларидан иборат Ўзбекистон делегациясидан 200 га яқин вакиллар иштирок этмоқда. Бизнес форум якунида иқтисодиётнинг муҳим соҳаларида қатор шартномалар имзоланиши кутилмоқда. Шунингдек, икки мамлакат бизнес доираларининг ҳамкорлиги учун самарали майдон бўладиган Ўзбекистон-Ҳиндистон ишбилармонлик кенгашини ташкил этиш кўзда тутилган.
Бизнес форум доирасида «Made in Uzbekistan» кўргазмаси очилади.
Шу кунларда Деҳлида маданий-гуманитар ва академик соҳаларга оид тадбирлар, инвестиция тақдимотлари ва бизнес форумлар ўтказилаётганлигини таъкидлаш лозим.
Хусусан, «Ҳиндистон-Ўзбекистон: маданиятлар мулоқоти» қўшма кўргазмаси Ҳиндистон миллий музейида очилган бўлиб, бир ой давом этади. Шунингдек, Деҳли, Ноида ва бошқа шаҳарларда Ўзбек маданияти кунлари, Ўзбек киноси кунлари ўтказилди. Ҳиндистоннинг учта етакчи тадқиқот марказларида сенаторлар, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Ўзбекистон тадқиқот институтлари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси иштирокида давра суҳбатлари ўтказилди.

 

ЎзА