Франциянинг нуфузли таҳлилий нашри – “Politique internationale” (“Халқаро сиёсат”) журналининг 160-сонида таниқли сиёсатшунос ва журналист Режи Жантнинг мақоласи чоп этилди. Р.Жант шу йил баҳорда Ўзбекистонга келиб, Тошкент шаҳрида Афғонистон бўйича ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этган эди.
Қуйида ушбу мақоланинг баёни эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги аҳоли энг зич яшайдиган мамлакат – 2016 йил декабрь ойида Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан сўнг юқори ривожланиш суръатларини намоён этмоқда, деб ёзади муаллиф.
Шавкат Мирзиёев ҳаётнинг барча жабҳалари – иқтисодиёт, ижтимоий тармоқлар ва ҳатто дин соҳасини ҳам ислоҳ қилишни бошлади. Ана шу мислсиз ислоҳотларнинг маъно-мазмуни ва мақсадлари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топди. Ушбу ҳужжатда қуйидаги бешта устувор йўналиш бўйича вазифалар белгилаб берилган:
– давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш;
– қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш;
– иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш;
– ижтимоий соҳани ривожлантириш;
– хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш.
Бир сўз билан айтганда, янги Президент Ўзбекистон жамияти ҳаётига “тоза ҳаво» олиб кирди.
Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотларнинг бош ғояси иқтисодий ўзгаришлардир, деб ҳисоблайди Р.Жант. Давлат раҳбарининг энг муҳим қарори – бу миллий валюта конвертацияси, маҳаллий корхоналарга импорт қилинадиган маҳсулотлар бўйича тўлов учун хорижий валютани сотиб олишга рухсат берилгани бўлди.
Натижалар яққол кўзга ташланмоқда – Ўзбекистон куни кеча Канаданинг “SkyPower” компанияси билан 1,3 миллиард АҚШ долларига тенг инвестиция шартномасини имзолади. Франциянинг “Peygeot Citroёn Automotive” компанияси Ўзбекистонда енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга олиб кириладиган товарлар учун божхона солиқларини сезиларли равишда пасайтиргани мамлакат тадбиркорлари томонидан чинакам инқилоб сифатида қабул қилинди, деб қайд этади журналист. Бу ишлар бутун иқтисодиётни қамраб олган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, иқтисодий ўсишга ҳамда халқаро молия ташкилотлари тавсиялари асосида бозор иқтисодиёти йўлидан боришга урғу берган ҳолда, макроиқтисодий барқарорликни кучайтириш, солиқ ставкаларини пасайтириш ва соддалаштириш, қишлоқ хўжалигида, биринчи навбатда, пахтани мамлакатнинг ўзида қайта ишлашни кўзда тутадиган диверсификация жараёнларини амалга ошириш, давлатнинг иқтисодиётга аралашувини қисқартириш билан биргаликда олиб борилмоқда. Бундай ўзгаришларнинг барчаси халқаро экспертларни жалб этган ҳолда амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси билан боғлиқ вазиятни тубдан ўзгартирди. У мигрантлар чет элда қонуний асосда ишлаб, ўз мамлакатининг ҳуқуқий ёрдамидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши учун Россияда Ўзбекистоннинг тўққизта ваколатхонасини очмоқда.
Президент ўрта ва кичик корхоналарга катта ишонч билан қарамоқда. Унинг фикрига кўра, хусусий сектор – иқтисодий ўсишнинг асосий йўналишидир.
Ўзбекистон етакчиси “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деган тамойилни илгари сурди, деб ўз фикрини давом эттиради мақола муаллифи. Президент ушбу тамойилни ҳаётга қатъий жорий этишига одамлар тўлиқ ишонмоқда. Мамлакатдаги вазият тубдан ўзгарди. Одамлар эркинлик муҳитини тобора кўпроқ ҳис этмоқда.
Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари фаоллашмоқда. Журналистлар мамлакатдаги ҳақиқий аҳволни ёрита бошлади. Бугунги кунда улар ҳатто замон билан ҳамқадам бўлиб, давлат раҳбарининг ислоҳотлар соҳасидаги барча амалий ҳаракатларини ёритиб боришга улгурмасдан қолмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев халқни ўз муаммолари ҳақида очиқ гапиришга чақирмоқда. Айнан шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ташкил этилди, унга аҳоли давлат аппарати ишидаги камчиликлар бўйича ўз шикоятлари билан мурожаат қилиши мумкин. Ушбу мурожаатларга давлат органлари тўрт кун ичида тўлиқ жавоб бериши шарт.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг дин соҳасидаги сиёсати янада кўпроқ эътиборга сазовордир. Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. Давлат мўътадил, бағрикенг ва маърифий ислом тарафдори бўлиб майдонга чиқмоқда.
Ўзбекистон етакчиси ташқи сиёсат соҳасида минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик алоқаларини тиклашни устувор йўналиш, деб эълон қилди. Масалан, унинг Қирғизистонга амалга оширган расмий ташрифи тарихий воқеа сифатида тан олинди. Икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида эришилган натижалар кутилганидан ҳам зиёда бўлди. Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда йирик гидроэлектр станциялар қуриш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ҳақидаги таклифлари билан ҳаммани ҳайратда қолдирди.
Айни шу жиҳатдан қараганда, Ўзбекистон Президентининг шу йил март ойида Тожикистонга амалга оширган ташрифи янада кўпроқ тарихий аҳамиятга эга бўлди. Томонлар икки давлат чегараларида янги ўтказиш пунктларини очиш ҳақида келишиб олишди ва иқтисодиёт соҳасида бир қатор битимларга имзо чекишди.
Шунингдек, Қозоғистон ва Туркманистонга амалга оширилган ташрифлар ҳам очиқ мулоқот ва икки томонлама иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоларни ҳал этишга интилиш руҳида ўтди.
Ўзбекистон Президенти минтақавий даражада ҳам ташаббусни ўз қўлига олмоқда. Унинг янгича сиёсатидаги ёрқин воқеалардан бири 2018 йил 27 мартда Тошкент шаҳрида юқори даражадаги 27 та хорижий давлат делегациялари, жумладан, Афғонистон Президенти Ашраф Ғани, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, Россия, Покистон, Туркия ва бошқа давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари иштирок этган Афғонистон бўйича халқаро конференциянинг ўтказилгани бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилда давлат раҳбарлигига келган кундан эътиборан бошлаган ислоҳотларнинг кўлами ва миқёсидан фақат ҳайратланиш мумкин, деб ёзади Р.Жант. Атиги 2 йил аввал иқтисодий протекционизмга барҳам берилади ва миллий валюта конвертацияси тикланади, деб ким ўйлаганди? Маҳаллий журналистларнинг бунчалик фаол бўлишини ким тасаввур қила оларди? Давлатнинг дин соҳасидаги сиёсати эътиқод эркинлигини мустаҳкамлашга кўмаклашади, деб ким хаёлга келтирган эди? Тожикистон ва Қирғизистон билан муносабатлар шунчалик қисқа фурсатда яхшиланади, деб ким ўйлаши мумкин эди?
Президент Шавкат Мирзиёев олдинга қараб бормоқда. У агар халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади, деган ғояси тўғри эканига қатъий ишонади.
Ўзбекистон бўйлаб янги ғоялар амалга оширилмоқда. Бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарорлиги ва тараққиёти ҳамда Россия, АҚШ ёки Хитой каби йирик давлатлар жалб этилган манфаатлар курашининг натижаси Шавкат Мирзиёев ислоҳотларининг муваффақияти билан боғлиқ, деб хулоса қилади Режи Жант.