Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари минтақавий семинарда иштирок этди

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари таркибидаги Ўзбекистон делегацияси Ашхобод шаҳрида (Туркманистон) бўлиб ўтган «Терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш: ЕХҲТ ҳудудидаги илғор тажриба» мавзусидаги Ўрта Осиё минтақавий семинарида иштирок этди.

Семинарда Ўрта Осиё минтақасидаги мамлакатларнинг (Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) молиявий разведка бўлинмалари ҳамда тезкор-тергов органлари вакиллари иштирок этди.

Семинар давомида иштирокчилар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи Гуруҳнинг (ФАТФ) терроризмни молиялаштиришга ҳамда оммавий қирғин қуролларини молиялаштиришга қарши курашиш бўйича асосий стандартлари, мазкур соҳада Европа иттифоқи давлатларининг тажрибаси, «криминал разведка» ва «молиявий тафтиш»нинг хусусиятлари, даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга миллий баҳо беришнинг муҳим жиҳатлари билан танишдилар, шунингдек, молиявий разведка бўлинмалари ва тезкор-тергов органларининг ўзаро ҳамкорлиги ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.

 

ЎзА