Жорий йилнинг 27-28 сентябрида Тошкент шаҳрида Қимматли қоғозларнинг Марказий депозитарийси ташкилотчилигида Евроосиё марказий депозитарийлари уюшмасининг XV халқаро конференцияси бўлиб ўтади.
Евроосиё марказий депозитарийлари уюшмаси (ЕМДУ) – Евроосиёнинг 14 мамлакатидаги 15 марказий депозитарийни ўзида жамлаган бирлашма ҳисобланиб, унинг асосий мақсади – депозитар фаолиятни ривожлантириш ва такомиллаштириш, ушбу жўғрофий майдонда ягона «депозитар сатҳ» яратиш, МДҲ мамлакатлари марказий депозитарийларининг қимматли қоғозлар билан битимлар бўйича ҳисоб-китобларнинг умумжаҳон тизимига киришини таъминлаш ҳисобланади.
Евроосиё марказий депозитарийлари уюшмаси марказий депозитарийларнинг форумларида (WFC) мунтазам иштирок этади, Африка ва Яқин Шарқ депозитарийларининг уюшмаси (AMEDA), Европа марказий депозитарийларининг уюшмаси(ECSDA), Америка марказий депозитарийларининг уюшмаси(АCSDA) ва Осиё-Тинч океани қимматли қоғозлар марказий депозитарийлари уюшмаси (ACG) билан фаол ҳамкорлик юритади.
Конференцияда уюшмага аъзо марказий депозитарийларнинг, халқаро марказий депозитарийларнинг, қимматли қоғозлар бозори мувофиқлаштирувчиларининг, инвестиция банкларининг, SWIFT ва рейтинг агентликларининг вакиллари иштирок этиши кўзда тутилмоқда. Конференция аудиториясини давлат ҳокимияти органлари, халқаро ташкилотлар, акциядорлик-тижорат банклари, Давлат рақобат қўмитаси, Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази ва қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари вакиллари ташкил этади.
Конференция дастурининг биринчи кунги иш тартибидан трансчегаравий ҳамкорликнинг қонунчилик жиҳатлари ва қимматли қоғозлар халқаро бозорининг инструментлари мавзусидаги икки сессия, шунингдек бизнесни диверсификациялашга инновацион ёндашув ва сармоядорларнинг ҳуқуқларини ва активларнинг сақланишини ҳимоя қилиш масалалари муҳокамаси ўрин олган.
Конференциянинг иккинчи кунида эса, ЕМДУ аъзолари уюшманинг йиллик ҳисобот йиғилиши доирасида уюшма фаолиятига доир масалаларни, шу жумладан 2017 йил якунларини муҳокама қиладилар.