Париж битимига қўшилиш нимани англатади?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида “Париж битимини (Париж, 2015 йил 12 декабрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди ва сенаторлар томонидан мақулланди. Халқаро ҳужжат ратификация қилинди.
Хўш, мазкур халқаро ҳужжатни ратификация қилишдан кўзланган мақсад нима? У нимага хизмат қилади?
Бугунги кунда иқлим ўзгаришлари натижасида юз бераётган табиий офатлар барчамизни ўйлантираётган долзарб муаммолардан биридир. Глобал иқлим ўзгариши инсониятнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда ва жиддий муаммо сифатида жаҳон ҳамжамиятининг диққат эътиборида бўлиб, дунё мамлакатларини хавотирга солмоқда. Унинг аянчли оқибатларини бартараф этиш учун зудлик билан тегишли чоралар кўриш талаб этилмоқда.
Аҳолининг саломатлиги, экотизим, қишлоқ хўжалиги фаолияти ва энг хатарлиси озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солувчи иқлим ўзгариши, яъни ҳавонинг исиши парник (иссиқхона) газлари атмосферада концентрациясининг ошиши сабабли юзага келмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бутунжаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунгача глобал йиллик ўртача ҳаво ҳарорати 1880 йилдаги даражадан 1°C га ортган. Ўзбекистонда эса худди шу давр учун ўртача йиллик ҳаво ҳарорати 1,6°С га (13,2 дан 14,8 °С га) кўтарилди. Яъни, исиш жадаллиги глобал масштабда кузатилаётган ўртача суръатдан юқори. Сабаби, юртимиз иқлим ўзгариши таъсирига кўпроқ мойил мамлакатлар қаторига киради.
Ҳозирги кунда бутун дунёда таъсири сезилаётган ушбу экологик муаммонинг сабаби атмосферада иссиқхона газлари миқдорининг ортишидир. Бу, экспертлар фикрича, қурғоқчилик натижасида сув ва озиқ-овқат танқислиги хавфининг ошишига, йил мобайнида жазирама давр давомийлигининг ортиши ва кучайиши натижасида аҳоли ўртасида касалликларнинг кўпайишига, шунингдек, бошқа турли хавфли табиат ҳодисалари – сел, тошқинларнинг тез-тез такрорланишига олиб келади. Экотизимлар ҳолатига ҳам салбий таъсир кўрсатадиган иқлим ўзгариши муаммосини жаҳон ҳамжамияти инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири деб тан олмоқда.
Шу боис иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўсиб бораётган глобал таҳдидларга комплекс жавоб қайтариш мақсадида 2015 йил 12 декабрда Франция пойтахтида ўтказилган БМТ Иқлим ўзгариши доиравий конвенцияси (БМТ ИЎДК) томонлари конференциясининг 21-сессиясида Париж битими қабул қилинди. У 2016 йил 4 ноябрда кучга кирди ва 2020 йилдан бошлаб амалга оширилади. Ҳозирги вақтда Париж битимини имзолаган 197 мамлакатдан 180 таси ушбу ҳужжатни ратификация қилган. Битимни ратификация қилмаган мамлакатлар кузатувчи мақомига эга ҳамда улар учун иқлимий молиялаштиришдан фойдаланишда чеклашлар мавжуд. Унинг асосий мақсади – 2020 йилдан 2030 йилгача иссиқхона газлари чиқаришни камайтириш орқали глобал исиш суръатларини қисқартиришдир.
2017 йил 19 апрелида БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида Ўзбекистон Париж битимини имзолади. Битимни имзолаш учун БМТ ИЎДК Котибиятига исиқхона газлар ташланмаларидаги миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссасини камайтириш тўғрисида ҳужжат тақдим этилди. 2030 йилгача узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистон Республикаси иқлим ўзгаришига қарши кураш чора ва ҳаракатларни кучайтиришни – 2030 йилга келиб иссиқхона газлари солиштирма ташланмаларини 2010 йилдаги даражага нисбатан ЯИМ бирлигига 10 фоизга қисқартиришни мўлжалламоқда.
Париж битимини ратификация қилиш Ўзбекистон учун қатор манфаатларни таъминлайди. Хусусан, энергия самарадорлиги ва энергия тежаш бўйича Давлат дастурларини амалга оширишда иқлимий молиялаштириш ресурслари (асосан грантлар)ни жалб қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, ер-сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш, салбий оқибатлар (Орол фожиаси, чўлланиш, қурғоқчилик)га қарши курашиш ва бошқа имкониятлар тақдим этади. Битимдаги иштирок инвестиция ресурсларини жалб қилиш ҳамда халқаро молиявий институтлар ва донор мамлакатларнинг кредитларини олиш учун индикатор ҳисобланади.
Шунингдек, Битимда ҳужжат низомларини амалга ошириш учун мамлакатларни молиявий қўллаб-қувватлаш назарда тутилган. Хусусан, шу мақсадда мазкур соҳадаги лойиҳалар ва дастурларни молиялаш учун Яшил иқлим жамғармаси тузилди. 2020 йилгача унинг бюджетини 100 миллиард АҚШ долларига етказиш режалаштирилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Париж битимини ратификация қилиш Ўзбекистоннинг умуминсоний қадриятлар, битимда акс эттирилган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ғояларига содиқлигини кўрсатади ҳамда Иқлим ўзгариши тўғрисидаги Доиравий конвенцияга аъзо давлатлар билан халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Нурилло Насриев, ЎзА