Мамлакатимизда илм-фан янада равнақ топади

Мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожланиши, ижтимоий-сиёсий юксалиши бевосита малакали ва тажрибали кадрларга боғлиқ. Шу боис, ҳар бир давлат илм-фаннинг равнақ топишига алоҳида эътибор қаратади. 
Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони ҳам соҳада олиб борилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқиши билан аҳамиятлидир.
Хўш, мазкур ҳужжатда белгиланган устувор вазифалар нималарда ўз аксини топади?
Унга мувофиқ, хориждаги нуфузли илмий-тадқиқот, таълим ва тиббиёт муассасаларида, иқтисодиётнинг бошқа истиқболли тармоқларида, айниқса, энг янги материаллар ва инновацион технологияларни ишлаб чиқариш ва қўллаш соҳаларида ишлаётган, қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларимиз билан алоқалар ўрнатиш, хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш ва қўллаб-қувватлашда, шунингдек, ривожланган мамлакатларнинг нуфузли таълим ва илмий марказлари билан алоқаларни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни ривожлантиришда ватандошлар салоҳиятидан фаол фойдаланиш жамғарманинг асосий вазифаларидан бири қилиб белгиланган.
Шунингдек, давлат органларининг кадрлар бўйича хизматлари томонидан фойдаланилиши ва онлайн тарзда излаш амалга оширилиши мумкин бўлган жаҳон мамлакатлари ва мутахассисликлар бўйича каталоглаштирилган қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларнинг электрон реестри (маълумотлар базаси)ни яратади ва юритади. Бу, албатта, мамлакатимизда илм-фанни янада ривожлантириш, тажрибали кадрларни тайёрлашга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоиз, “Эл-юрт умиди” жамғармаси жаҳон айвонида содир бўлаётган илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этилишида ҳам муҳим омил бўлади.
Ривожланган мамлакатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларида магистратура ва докторантура дастурлари бўйича танлов ўтказиш ва тайёргарликни, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида истиқболли мутахассислар, шу жумладан, педагоглар ва илмий кадрлар учун малака оширишни ва стажировкадан ўтиш амалиёти ҳам йўлга қўйилади. Албатта, юқори малакали мутахассис, олимларнинг тажрибалар алмашинуви соҳанинг истиқболига, ватан равнақига хизмат қилади.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз, ушбу фармоннинг мазмун-моҳияти Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг дастурий вазифалари билан ҳам муштаракдир. Партия сайловолди платформасида таълим жараёнига замонавий истиқболли илм-фан ютуқларини жорий этиш, мамлакатимизда илм-фанни янада ривожлантириш, илмий фаолиятга истеъдодли, қобилиятли ёшларни жалб этиш орқали юқори билим-малакали жамиятни шакллантиришга кўмаклашиш вазифалари муҳим вазифа қилиб белгиланган.
Мухтасар қилиб айтганда, мазкур ҳужжат хорижда яшаётган ва профессионал фаолиятини юритаётган ватандошларимиз, айниқса, катта илмий салоҳиятга эга олимлар, мутахассислар ва истеъдодли ёшлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиши, жаҳон меҳнат бозорига юқори малакали мутахассислар тайёрлаб бериши билан аҳамиятлидир.
Дилфуза Жалилова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоси.​​

 

ЎзА