Сохта тадбиркор фаолиятига чек қўйилди

Бугунги кунда сифатли пахта хомашёсини етиштириш уни экспорт қилиш, қайта ишлаш юртимиз саноатининг муҳим бўғинларидан бирига айланиб улгурган. Шу боис ғўза парваришига, пахта хомашёсини нест-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилги йиғим-терим мавсумини беталофат ўтказиш ва турли ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида вилоят ички ишлар ходимлари томонида Чироқчи туманида тезкор профилактик тадбирлар олиб борилди.
Тадбир давомида Чироқчи тумани «Чоштепа» маҳалла фуқаролар йиғини Чоштепа кўчасида яшовчи 1987 йилда туғилган фуқаро Исмоил Илҳомовнинг уйи кўздан кечирилганда, ёрдамчи хўжалик хоналарининг бирида 2 та қўлбола мойжувоз ускунаси ўрнатилиб, ноқонуний равишда фойдаланиб келаётгани аниқланди. Ускуна ёрдамида қўлбола усулда ишлаб чиқарилган 174 килограмм пахта ёғи, 80 килограмм техник чигит, 367 килограмм кунжара ва 37 килограмм зиғир тегишли тартибда шу ернинг ўзида ҳужжатлаштириб олинди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Ноқонуний равишда ишлаб чиқарилган ушбу ёғ маҳсулотларининг аввало истеъмолга яроқли эканига ким кафолат беради? Бундан ташқари “тадбиркор” мойжувоз ускунасию хомашёни қаердан олган?..
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Чироқчи тумани ИИБ тергов бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

 

Ўлмас Баротов, ЎзА