Талаб ва таклифга қараб стандартлар ўзгаради

Миллий матбуот марказида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан Андижон синов ва сертификатлаштириш марказининг ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришдаги ўрни ва аҳамиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 апрелдаги “Сертификатлаштириш тартиботларини ва сифат менежменти тизимларини жорий этишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ агентлик тизимида Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси ташкил этилган эди. Давлат раҳбарининг 2017 йил 28 апрелдаги “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонасига ўтказиш йўли билан қайта ташкил этилган.
Мазкур қарорда экспортга йўналтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ташкилотларга стандартлар, сертификатлаштириш, ёрлиқлаш, қадоқлаш ва бошқа параметрлар бўйича халқаро мамлакатлараро талаблар юзасидан бепул консультация хизматлари кўрсатиш асосий вазифа этиб белгиланган.
“Ўзстандарт” агентлигининг халқаро ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 33 мамлакат билан тузилган 47 битим ва келишувларига мувофиқ бюро ушбу мамлакатларга экспорт қилинадиган маҳсулотлар талаблари бўйича олинган маълумотларни ўз фаолияти доирасида қўлламоқда.
Ўтган 2017 йилнинг май ойида фаолиятини бошлаган бюро томонидан 143 корхонага консультатив хизматлар кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг ушбу давригача 179 корхонага ана шундай хизматлар кўрсатилган
Вилоятлардаги экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига халқаро стандартларни жадал жорий этиш орқали уларнинг замонавий талабларга мувофиқлигини таъминлаш ва ташқи бозорда рақобатбардошлигини ошириш мақсадида вилоятлардаги 105 корхона БМТ Европа иттифоқи комиссиясининг халқаро стандартлари ва Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотининг “Кодекс Алиментариус” озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бўйича қабул қилинган стандартлари билан таъминланди.
Юртимизда Туризм соҳасининг жадал ривожланиши жараёнида “Ҳалол” ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун “Global G.A.P” стандартлари ҳам қабул қилинди.
Анжуман давомида бу борада эришилган натижалар таҳлил этилди. Соҳадаги камчиликлар хусусида айтилди. Келгусидаги режалар белгиланди.

 

Б.Мелиқулова, ЎзА​​