​“Тараққиёт стратегияси“ маркази Европадаги таҳлил марказлари билан ҳамкорлик ўрнатади

Бу каби масалалар ЕХҲТ Парламент ассамблеяси Дания делегациясининг “Тараққиёт стратегияси“ марказида ўтказган учрашуви доирасида муҳокама қилинди.
Музокаралар Петер Юэль Йенсен бошчилигидаги Дания делегацияси билан Марказ ижрочи директори ўринбосари Бобур Бекмуродов раислигидаги марказ аъзолари ўртасида бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида меҳмонларга фаолият мақсади мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг очиқлигини таъминлаш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, уни халқ муҳокамасига қўйиш учун қулай платформа бўлган “Тараққиёт стратегияси“ маркази ҳақида сўзлаб берилди.
Делегация аъзолари Марказ томонидан юртимиздаги ижобий ўзгаришларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида миллий, халқаро таҳлил-тадқиқот марказлари билан қатор лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани юқори баҳолади.
Республикамиздаги 50 дан зиёд ННТ билан ўзаро яқин ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон омили, унинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган. Шу боис ривожланган давлатларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганиш мақсадида Европа мамлакатлари илмий тадқиқот институтлари, марказлари билан ҳам тажриба ва фикр алмашинувларини ташкил қилиш мақсадидамиз, деди Бобур Бекмуродов.
Ўз навбатида, Петер Юэль Йенсен ушбу ташаббусни рўёбга чиқаришга кўмак беришга тайёр эканини билдирди.
Маълумот ўрнида, “Тараққиёт стратегияси“ маркази шу кунга қадар Хитой ҳамда Ҳиндистоннинг етакчи таҳлил-тадқиқот ва “ақл марказлари“ билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатган. “Global Go To Think Tank Index Report”нинг 2017 йил якунларига кўра, дунёда янги ташкил этилган “ақл марказ”лари 50 талик рейтингига киритилган эди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА