Буюк сиймолар бошлаган йўл бардавом

Душанбе шаҳри марказида барпо этилган Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғининг умумий майдони 2,5 гектарни ташкил этади.
 
Душанбе, 27 сентябрь. 
ЎзА махсус мухбири Алоуддин Ғаффоров хабар қилади.
Боғ тўрига Нуриддин Абдураҳмон Жомий ва Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг муҳташам ҳайкали ўрнатилган. Чиройли, бежирим ўриндиқлар дам олувчилар ва шаҳар меҳмонларига қулайлик яратади. Эътиборлиси, ўриндиқлар ёнида китобхонликни тарғиб этувчи ҳайкалчалар ўрнатилган. Ота ва ўғил, Она ва қиз, Бобо ва набира сиймолари ифодаланган бу асарлар кишини китобга ошно бўлишга даъват этади.
– Президент Эмомали Раҳмон ташаббуси билан барпо этилган ҳайкал икки буюк сиймога юксак эътибор намунаси, қолаверса, ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги азалий дўсту биродарликнинг рамзидир, – дейди ҳайкал муаллифи Тожикистон Республикаси санъат арбоби Ғафуржон Жўраев. – Бу монументда улуғ боболаримиз Жомий ва Навоий куйлаган қардошлик ва дўстликни янада мустаҳкамлаш ғояси акс эттирилган. Халқларимиз дўстлиги мустаҳкамланаётгани улуғ сиймолар бошлаган йўл бардавом эканидан далолатдир.

 

ЎзА