​Миллий статистика тизими талабалар эътирофида

Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида Давлат статистика қўмитаси ташаббуси билан “Миллий статистика тизими, ислоҳотлар, натижалар ва келгусидаги вазифалар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давлат раҳбарининг жорий йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросида доирасида ташкил этилган тадбирда мутасадди ташкилот вакиллари, Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистика тадқиқотлари маркази ходимлари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбати давомида Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтингларда холис ва тўғри баҳоланишини таъминлаш мақсадида Давлат статистика қўмитаси томонидан халқаро ташкилотларнинг 23 саволномаси доимий равишда тўлдириб келинаётгани ва кўплаб халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этиб ўтилди.
Ҳозир қўмита Европа иқтисодий комиссияси, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар билан яқин алоқа ўрнатиб, статистика соҳасида самарали ҳамкорлик олиб бормоқда.
Шунингдек, тадбирда “Миллий статистика тизими, ислоҳотлар, натижалар ва келгусидаги вазифалар”,“Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилнинг январь-август ойлари якунлари бўйича ижтимоий-иқтисодий ривожланиши асосий кўрсаткичлари” мавзуларида маърузалар тингланди.
– Статистик ахборотларнинг эркинлиги, аҳоли ўртасида ошкоралигини таъминлаш, мамлакатимизнинг ривожланиш кўрсаткичларини статистик тўпламларда чоп этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Усмон Абдурасулов. – Мазкур давра суҳбатининг асосий мақсади ҳам статистика идораларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган натижалар, истиқболдаги режалар, қолаверса, сўнгги маълумотларни талаба-ёшлар билан ўртоқлашишдан иборат.
Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларига қўмита масъул ходимлари жавоб қайтарди.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА