Ҳинд сори юзланмоқ бугун юзқаролиғ эмас

Ўзбекистоннинг дўстлари кўп. Қатор давлатлар билан муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Ҳар бир ҳамкор мамлакат билан алоқаларимиз ўзининг алоҳида хусусиятларига эга бўлиб, улар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Масалан, Марказий Осиёдаги қўшниларимиз ҳақида сўз очилса, “биз бир қушнинг икки қанотимиз”, деймиз.

Бу муносабатларнинг барчаси жуда қадрли.

Аммо Ҳиндистон ҳақида гап очилса, одам бошқача энтикиб кетади. Бобуршоҳнинг иккинчи ватани бўлган ушбу сеҳрли ўлка энг кўҳна фалсафаси, бой тарихи, ўхшаши йўқ анъаналари, нафис адабиёти, қиёси топилмас маданияти ва санъати билан онгу шууримизда эҳтирос уйғотиб, дунёда муҳаббат, садоқат, ҳалоллик муқаррар ғалаба қозонишига ишончимизни мустаҳкамлайди.

Кўпчилигимиз ҳинд фильмлари, ҳинд мусиқаси ва рақси билан улғайганмиз. Тўғри, бошқа мамлакатларнинг мусиқа ва кинематографиясида ҳам ажойиб асарлар мавжуд. Лекин Ҳиндистон ижодкорлари қандайдир айро жозибага эга.

photo5287698710039472550.jpg

Ҳиндларнинг бизга, айнан Ўзбекистон ва ўзбекларга муносабати ҳам ўзгача. Эслаб кўрайлик: шўро давлати жуда қаҳрли империя эди, ҳеч ким билан муносабат қуришга йўл қўймасди. Шундай мураккаб шароитда “Минг бир кеча”нинг дурдоналаридан бўлган ажойиб эртак ҳақидаги “Али Бобо ва қирқ қароқчи” фильмини Ҳиндистон айнан Ўзбекистон билан бирга ишлади. “Севги афсонаси” фильми тўғрисида ҳам шуни айтиш мумкин.

Ўз даврида Ботир Зокиров ва Луиза Зокирова ижросидаги “Мечали” қўшиғини ҳиндлар кўз ёши билан тинглаган. Бу ўринда қизиқ воқеа ёдга тушади. Икки ижрочи қўшиқни худди муҳаббат бобидаги айрилиқ шаклида куйлайди. Лекин бир ҳинд санъаткори бу севги ва ҳижрон қўшиғи эмас, она билан унинг сувга оқиб кетаётган боласи тўғрисидаги фожиа, уларнинг сўнгги нолалалари эканини айтади. Агар Ботир Зокиров Ўзбекистондан бўлмаганида, унга бундай маслаҳат беришмас эди. “Қўшиқни бир айтди-қўйди-да” деб ижро шаклини тузатишга ҳаракат қилмаган бўлардим”, дейди ўша ҳинд санъаткори.

Ўзбекистон шўро давлатининг маданий маркази эмас эди. Шунга қарамай, Болливуднинг энг катта юлдузи бўлган Раж Капур Ўзбекистонга кўп келарди. Бошқа жойга бормасди. Буни алоҳида таъкидлаш керак. Зеро, унинг ташрифлари ўша узоқ йилларда ҳам Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатларига ҳиндлар бошқа кўз билан қараганидан дарак беради.

Сиёсий жиҳатдан олганда ҳам Тошкент-Деҳли мулоқоти анча аввал қарор топганини кўрамиз. 1966 йилда Ҳиндистон билан Покистон ўртасидаги тинчлик музокаралари Тошкентда ўтган. Ўша йили 10 январь куни урушга чек қўювчи Тошкент декларацияси имзоланган.

photo5287698710039472551.jpg

Ваҳоланки, бу музокаралар шўро давлатининг пойтахтида ўтиши, машҳур декларациянинг номи ўша шаҳар номи билан аталиши мумкин эди.

Афсуски, сулҳ тузилган кунинг эртасига Ҳиндистоннинг иккинчи Бош вазири Лаъл Баҳодур Шастри Тошкент шаҳрида вафот этди. Лекин Ўзбекистон расмий таъзия билан чекланмади. Тошкентда Лаъл Баҳодур Шастри ҳайкали барпо этилди, энг катта кўчалардан бирига унинг номи берилди. Муболаға бўлмайдиган гап: Тошкентда Шастри кўчасини билмайдиган одам йўқ.

Бугуннинг гапини айтадиган бўлсак, биргина мисол билан чекланамиз. Йил сайин нуфузи ортиб, таъсир доираси кенгайиб бораётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Ҳиндистоннинг қўшилиши айнан Ўзбекистон билан боғлиқ. 2016 йил Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Ҳиндистон Республикаси расман ушбу ташкилот сафидан жой олди. Айтиш керакки, Деҳлининг бу эзгу орзуси амалга ошиши учун Тошкент кўп саъй-ҳаракат қилди.

Ҳиндистон ҳақида гап кетганда, буюк темурзода Мирзо Бобур тўғрисида сўзламаслик мумкин эмас. Халқларимизнинг тарих, адабиёт, мусиқа, рассомлик ва меъморлик борасидаги кўпдан-кўп мероси бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, бунинг негизида Бобуршоҳ ва бобурийларнинг ҳаёт ва фаолияти мужассамдир.

photo5287698710039472552.jpg

Бугун Деҳлига борасизми, Мумбайгами, ёки бошқа шаҳаргами, Ҳиндистондаги энг сара меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуалари “Тож Маҳал” деб аталишини кўрасиз. Бобуршоҳ ва унинг авлодлари барпо этган, улардан аввал ва кейин ҳинд халқи қурган иншоотлар кўп эканига қарамай, Тож Маҳал Ҳиндистоннинг энг машҳур дурдона-обидасига айланган. Уни “янги етти мўъжиза”дан бири, деб ҳам атайдиларки, буни асло инкор этиб бўлмайди.

Бу қадар яқин ва қадрдон мамлакат билан ҳамкорлигимиз бугунги кунда янги замон талаблари асосида ривожланиб бормоқда. Қўшма корхоналар сони, товар айирбошлаш ҳажми, халқаро майдондаги сиёсий ҳамкорлик тўғрисидаги барчага маълум масалаларга, ўйлаймизки, тўхталишнинг ҳожати йўқ. Фақат бир ишончни таъкидлаш мумкин: бизнинг муносабатларимиз ҳамиша юксак поғоналарда бўлган ва шундай бўлиб қолаверади.

Аниғи шуки, ҳинд сори юзланмоқ юзқаролиқ келтирмайди.

 

Музайяна Машрабхон, ЎзА