Шу кунларда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеясининг Дания делегацияси мамлакатимизда бўлиб турибди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 26 сентябрь куни делегация аъзолари билан учрашув ўтказилди.

Меҳмонларга Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат ва ҳудудий дастурлар мазмун-моҳияти, парламент ва унинг палаталари фаолияти, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, фракциялар ва қўмиталарнинг иш услублари, хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик бўйича дўстлик гуруҳлари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, делегация аъзолари Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг фаолияти, норма ижодкорлиги соҳасидаги янгиликлар билан таништирилди.

Учрашувда томонлар бугунги кунда терроризм, экстремизм, одам савдоси, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши каби глобал муаммоларнинг олдини олиш, уларга қарши курашишни муайян давлат ё халқаро ташкилотнинг ўзи якка ҳолда уддалай олмаслиги, трансмиллий жиноятларга қарши биргаликда курашиш муҳим самара бериши мумкинлигини қайд этди.

Делегация аъзолари Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга муҳим масалалар бўйича позицияси билан қизиқди. Ўз навбатида, ЕХҲТ тизимидаги ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари хусусида ҳам сўз юритилди. Бугунга қадар Ўзбекистон ва ЕХҲТ, хусусан унинг Парламент ассамблеяси ўртасида эришилган келишувларни амалга ошириш, яқин истиқболдаги икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини белгилаш бўйича фикр алмашилди.

Делегация аъзолари шу куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ҳам бўлди.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА