2018 йил 27-28 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади.
Бугун ялпи мажлис олдидан қўмита мажлислари бўлиб ўтмоқда. Дастлабки йиғилиш Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида ташкил этилди. Унда “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг Акциядорлик тижорат “Халқ банки”да ижро этилишини ўрганиш натижалари кўриб чиқилмоқда.
Тадбирда сенаторлар, банк-молия соҳаси мутахассислари, вазирлик, идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этаётир.
Маълумки,“Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, 2005 йилнинг 1 январидан мамлакатимизда жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизими жорий этилган. Ҳукуматнинг 2018 йил 26 мартдаги қарорига асосан 2018 йил 1 апрелидан эътиборан барча фуқароларни пенсия таъминоти тизимида ҳисобга олиш ишлари фақат Давлат хизматлари агентлиги ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириб келинмоқда. Татбиқ этилган янгиликлар туфайли жараён иштирокчиларининг ортиқча оворагарчиликларига чек қўйилди.
Пенсия таъминоти тизимидаги шахсий маълумотлар “Халқ банки”да алоҳида ташкил этилган ягона маълумотлар электрон базаси ва архивларида хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолда сақланади. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 31 майдаги қарори кўра, ҳисобварақлар тартиб рақами Ички ишлар вазирлиги томонидан берилган фуқаронинг идентификация рақами асосида бериб келинмоқда.
2018 йил 1 июль ҳолатига “Халқ банки” филиалларида пенсия таъминоти тизими иштирокчилари сони 11,3 миллионга етиб, улардаги маблағлар миқдори 2,9 триллион сўмдан ошган.
Тизим жорий этилганидан бошлаб бу борада қандай ютуқларга эришилди ва қандай камчиликларга йўл қўйилди?
Сайтимизни кузатиб борсангиз бу ҳақда аниқ ва тўлиқ маълумотларга эга бўласиз.
Н.Абдураимова, ЎзА