Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 25 октябрдаги “Республика қурилиш материаллари саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, “Ўзқурилишмате риаллари” акциядорлик жамияти қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш, тармоқ корхоналарини модернизация қилиш, технологик ва техник қайта жиҳозлаш учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт потенциалини ошириш, халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш мақсадида қайта ташкил этилди.
Ана шундай талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб, бугунги кунда мазкур ташкилот қандай ислоҳот ва янгиликларни амалиётга татбиқ этмоқда? Юртимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқлари қаторида ўз олдига қандай мақсад ва вазифаларни қўйган? Маҳаллийлаштириш ва Инвестиция дастурларининг қурилиш материаллари саноати истиқболидаги ўрни ва аҳамияти нималардан иборат?
ЎзА мухбирининг “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Ботир Зарипов билан суҳбати айнан шу саволлар асосида бўлди.
– Ботир Комилович, тармоқда сўнгги йилларда қандай ўзгариш ва янгиланишлар бўлди? Дастлаб шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз.
– Бугунги ҳаёт талаби ва одамларимиз истаклари ўзгармоқда. Халқимиз ҳақли равишда яхши яшашга интилмоқда. Бу оддий гап эмас. Дунёдаги воқеа-ҳодисаларни, анъаналарни таҳлил этиб, энг мақбулини турмуш тарзига қабул қилаётган юртдошларимиз билан ҳамқадам ва ҳамнафас ишлашга ҳаракат қилаяпмиз. Президентимизнинг ҳамма нарса инсон учун, унинг бугуни ва келажаги учун, деган эзгу ғояси халқимизнинг яшаш тарзи ва дунёқарашини тубдан ўзгартириб юборди. Барча фуқароларимиз келажакка, эртаси бугундан яхши бўлишига астойдил интилмоқда ва ишонмоқда. Буни биргина шаҳар ва қишлоқларда амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари кўлами кун сайин кенгайиб, оммалашиб бораётганидан ҳам англаш мумкин.
Ижтимоий соҳа объектлари, нотурар ва аҳоли турар жойлари учун сифатли, арзон, замонавий қурилиш материаллари зарур бўлмоқда. Қурилиш ишлари қийматининг 55-60 фоизини қурилиш материаллари ташкил этишини, замонавий архитектура янги, сифатли, арзон, енгил ва зилзилабардош, инновацион қурилиш материалларини талаб этишини инобатга оладиган бўлсак, тармоқ тараққиёти аҳамиятини ҳис қилиш қийин эмас. 2017 йилга қадар тармоқда 7 минг 995 корхона мавжуд бўлган. Айни кунда юртимизда 10 минг 552 қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхона фаолият юритмоқда. Ўтган йили 120 турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда улар сони 180 дан ошиб кетди.
Ўтган йилдаги тармоқ фаолияти ҳақида гап кетганда, 2017 йилда мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган тадбиркорлик субъектлари томонидан 16 триллион 756 миллиард сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиб, бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 122,6 фоизга ошганини кўрамиз. Саноат ишлаб чиқаришдаги улуши эса 11,6 фоизни ташкил этди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, мамлакат бўйича 180 турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган бўлиб, бу турларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, яъни портландцемент 2 триллион 403 миллиард сўмни, чақиқ тош 1 триллион 395 миллиард, цемент, бетон ва сунъий тошдан йиғма конструкциялар 1 триллион 72 миллиард, алюминийдан тайёрланган конструкциялар 724 миллиард, табиий қумлар 643 миллиард, қора металлардан тайёрланган конструкциялар 598 миллиард, сэндвич панеллар 580 миллиард, ўтга чидамсиз керамик ғиштлар 485 миллиард, ёғоч қириндисидан плиталар 391 миллиард, легирланмаган пўлатдан совуқлайин деформация қилинган уголоклар, махсус ва шаклдор профиллар 355 миллиард, қуйиш учун тайёрланган бетон 351 миллиард, пластмассадан қаттиқ қувурлар, трубкалар ва шланглар 342 миллиард сўмни ташкил этди. Булар оддий рақамлар эмас, балки мамлакатимизда соҳага қаратилаётган эътибор ва эътироф самарасидир.
– Жорий йилнинг биринчи ярим йиллик якунлари ҳақида тўхталсангиз.
– Жорий йилда жамият таркибидаги корхоналар томонидан жами 3 триллион 800 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва ўсиш суръатини 2017 йилга нисбатан 107 фоизга етказиш режалаштирилган. Белгиланган режа бўйича ўтган олти ойлик натижаларга эътибор қаратамиз. Бунда 2 триллион 271 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 101 фоизга етказилди. Шунингдек, бу даврда 183,3 миллиард сўмлик истеъмол товарлари ишлаб чиқарилиши эвазига ўсиш 107,7 фоизга таъминлангани эътиборга лойиқ.
Жорий йилнинг биринчи олти ойида 3693,1 минг тонна цемент, 6,2 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 41,9 минг тонна қуруқ қурилиш қоришмалари, 40,7 минг тонна қурилиш гипси, 16,7 минг тонна оҳак, 29,7 миллион дона деворбоп материаллар, 3,1 миллион дона шифер, 25,8 минг дона сантехкерамика маҳсулотлари каби сифатли ва арзон маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарилди. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида қиймати 518 миллиард сўмлик 154 янги лойиҳа ишга туширилди. Натижада 1 минг 938 та янги иш ўрни ташкил этилди.
Керамик плиткалар, сантехкерамика маҳсулотлари, керамогранит, сэндвич панеллар, юмшоқ томёпқич материаллари, базальт арматураси, суюқ гулқоғоз, иссиқликни сақловчи материалларни ўзлаштиришнинг йўлга қўйилиши ҳам соҳада эришилган ютуқларимиз ҳисобланади.
– Жамият таркибидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ташқи бозордаги ўрнини қандай баҳолайсиз?
– Албатта, ушбу корхоналар маҳсулотларига ташқи бозорда талаб ортиб бораётгани – бу ҳақиқий баҳодир. Жамият тизимида экспорт ҳажми 2016 йилда 12,9 миллион доллар, 2017 йилда 23,7 миллион долларни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг саккиз ойида 27 миллион 600 минг долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Режа бўйича кўрсаткич 112,6 фоизни ташкил этди. Бугунги кунда жамият таркибидаги корхоналарда ишлаб чиқарилган керамик плиткалар, сантехкерамика маҳсулотлари, қуруқ қурилиш аралашмалари, пишган ғишт, табиий тошдан ясалган қопловчи буюмлар, оҳак, полипропилен қувурлар, фитинглар сингари қурилиш материалларига Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон бозорларида талаб ортиб бормоқда.
Эндиликда улар қаторига Тожикистон ва Афғонистон ҳам қўшилди. Негаки, бу давлатларга 2017 йилдан сантехкерамика буюмлари, асбест буюмлар, керамик плиткалар, қурилиш ойнаси ва цемент каби маҳсулотлар экспорт қилинмоқда. Қайд этиш жоизки, жамиятда қурилиш материалларининг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича зарурий чоралар кўрилмоқда. Бу жараёнда экспорт қилинадиган маҳсулотлар турини кўпайтириш ва уларнинг экспорт географиясини кенгайтириш бўйича аниқ режалар белгилаб олинган.
Шу мақсадда, Покистон Республикасининг “Бахрия тавн” йирик компаниясига ишлаб чиқарилаётган 10 дан ортиқ қурилиш материалларининг намуналари, Беларусь Республикасига мамлакатимизда мавжуд табиий пардозбоп тошлар, Ҳиндистонга янги ва замонавий турдаги қурилиш материали ишлаб чиқариш имкониятини берадиган табиий базальт тоши намуналари юборилди.
– Мамлакатимиз иқтисодиётида инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишда барча соҳалар, айниқса, иқтисодиёт тармоқларининг алоҳида ўрни бор. Жамият таркибидаги корхоналар фаолиятида бу жараён қандай кечмоқда?
– Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони инвесторлар фаолиятига бўлган эътибор ва уларнинг эркин ишлаши учун зарур қулайликлар яратиш йўлида муҳим қадам бўлди. Жамиятимиз таркибидаги корхоналарнинг аксарияти ҳамда тармоқ корхоналари фаолияти ҳам хорижий сармоялар билан чамбарчас боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 июлдаги “2018-2019 йилларда инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан жамият томонидан 2018-2019 йилларда жами лойиҳалар қиймати 1 миллиард 165 миллион долларга тенг (2018 йилда 227 миллион доллар, 2019 йилда 566,4 миллион доллар ва истиқболли лойиҳалар бўйича – 470 миллион доллар) 16 та инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши белгиланган.
Бугунги кунда инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш бўйича аниқ муддат ва масъулларни белгилаган ҳолда “Йўл хариталари” ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, ҳар бир лойиҳа бўйича тармоқ жадваллари тасдиқланди.
Инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш мақсадида объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари, техник-иқтисодий асослари ҳисоб-китоблари ва смета ҳужжатларини тайёрлаш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 8 ойида инвестиция лойиҳалари бўйича 18,7 миллион доллар ўзлаштирилиши режалаштирилган бўлса, бу кўрсаткич амалда 37,1 миллион долларни ташкил этди.
2018 йилнинг 9 ойи якуни билан жами 53,2 миллион доллар маблағ ўзлаштирилиб, белгиланган режа 132,2 фоизга бажарилиши кутилмоқда.
Йил якунига қадар умумий қиймати 128,7 миллион доллар бўлган 6 лойиҳа ишга туширилиши таъминланади, натижада Жиззах вилоятида йилига 2,5 минг тонна базальт арматураси, Тошкент вилоятининг “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида йилига 3,5 миллион квадрат метр керамик плитка ва 180 минг тонна металл арматура, Сурхондарё вилоятида жами 160 минг квадрат метр табиий тошни қайта ишлаш орқали габбро ва гранит плиталар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
2019 йилда 8 лойиҳа, жумладан, Фарғона вилоятидаги “Кварц” акциядорлик жамияти базасида йилига 20 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, Сурхондарё вилоятида йилига 150 минг куб метр қамишдан ДСП, Самарқанд, Андижон ва Тошкент вилоятларида янги цемент заводлари ҳамда Навоий вилоятидаги “Қизилқумцемент” акциядорлик жамиятининг иккинчи технологик линиясини модернизация қилиш ҳисобига клинкер ишлаб чиқариш қувватини 400 минг тоннага кўпайтириш каби йирик лойиҳалар амалга оширилади.
Мамлакатимизда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 2018-2019 йилларда 26,2 триллион сўмлик 712 та, шу жумладан, 2018 йилда 927,4 миллион долларлик 549 қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади. 2018 йил 1 сентябрь ҳолатига 549 та лойиҳа бўйича 4 триллион 232 миллиард сўмлик маблағ ўзлаштирилди.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида “Титан цемент” масъулияти чекланган жамиятида 200 минг тонна цемент ишлаб чиқариш учун 37,5 миллион доллар, Сурхондарё вилоятида “Сурхон цемент инвест” хорижий корхонасида 360 минг тонна цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси учун 46,7 миллион доллар, Навоий вилоятида “Зарафшон ойна” масъулияти чекланган жамиятида йилига 10 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси ва 250 миллион дона шиша идишлар ишлаб чиқариш лойиҳаси учун 97 миллион евро, Хоразм вилоятида “Нью бест стайл” масъулияти чекланган жамиятида 2,1 миллион ўрам гулқоғоз ва 1 миллион қути гулқоғоз елими ишлаб чиқариш лойиҳаси учун 5,7 миллион доллар, Тошкент вилояти “Ангрен” эркин иқтисодий зонасида “Great Wall Ceramic” қўшма корхонасида йилига 3,5 миллион квадрат метр керамик плиткалар ва 200 минг дона санитар керамикаси ишлаб чиқариш лойиҳаси учун 24,3 миллион доллар миқдорида инвестициялар ўзлаштирилмоқда.
Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятида “Олмалиқ кон металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан 212,8 миллион долларлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилиши ҳисобига Шеробод цемент заводи қурилиб, йилига 1,5 миллион тонна цемент ва Тошкент шаҳрида “Пергамент кволити эксклюзив” масъулияти чекланган жамиятида 9,5 миллион доллар инвестиция ҳисобига 2,5 миллион ўрам гулқоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Шунингдек, “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида “Mingyuan silu industry” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонасида йилига 24 миллион квадрат метр ойна маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 110 миллион доллар ўзлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 56,1 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. 2017 йилда лойиҳанинг биринчи босқичида 29 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, йилига четдан импорт қилинаётган 4 миллион квадрат метр безакли ойна ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва 210 та янги иш ўрни яратилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда мавжуд қамиш ва ғўзапоя асосида ДСП ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жумладан, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида йилига 30 минг куб метр ДСП ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилган бўлса, 2018-2019 йилларда Сирдарё ва Навоий вилоятларида яна 50 минг куб метрдан, Сурхондарё вилоятида 150 минг куб метр, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Хоразм вилоятларида жами 50 минг куб метр ДСП тўлиқ маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Айни кунда, маҳаллий хомашёдан энергия тежамкор ва қурилишда ишлатишга анча қулай деворбоп газобетон блоклари ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Хусусан, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Хоразм ва Тошкент вилоятларида жами 1 миллион куб метрдан ортиқ газобетон блоклари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Газобетон ўзининг енгиллиги, табиий газни 8 марта кам сарфлаши, энергия тежамкорлиги ва энг асосийси, унумдор тупроқнинг ишлатилмаслиги билан пишиқ ғиштдан бир неча маротаба афзаллиги билан ажралиб туради.
Албатта, хорижий, айниқса, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишда ахборотнинг ўз вақтида ҳамда манзилли етказилиши муҳим аҳамият касб этади. Негаки, юртимиздаги имкониятлар, давлат томонидан хорижий инвесторлар учун яратилган енгиллик ва имтиёзлардан хорижий инвесторларни етарлича хабардор қилиш инвестицияларни кўпайтиришга хизмат қилади.
– Жамият томонидан маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, рақобатдош, экспортга йўналтирилган қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ва турини ошириш, шунингдек, янги турдаги сифатли қурилиш материалларига бўлган ички талабни қондириш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?
– Юртимизга Яратганнинг назари тушган. Чунки бу заминда ҳамма нарса бор. Иссиғи ҳам, совуғи ҳам фойдали. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қурилиш материаллари хомашё захираси мавжуд. Бу борадаги таҳлилларга кўра, юртимизда 924 та қурилиш материаллари хомашё захираси мавжуд конлар аниқланган. Бугунги кунда уларнинг 392 таси, ёки 42,4 фоизидан фойдаланилаётганига эътибор берадиган бўлсак, маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун бу соҳада катта имкониятлар мавжудлиги тасдиқланади. 2016-2017йилларда мамлакат бўйича 149 янги кон аниқланган, мавжуд конларнинг 189 тасидан фойдаланишга лицензия берилган. Асосий қурилиш материалларидан бири бўлган цементга тўхталиб ўтадиган бўлсам, бугунги кунда республикада 14 та цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан йилига 9,1 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Жорий йилда йиллик қуввати 3 миллион 120 минг тонна бўлган 8 та, 2019 йил якунига қадар йиллик қуввати 4 миллион 720 минг тонна бўлган 9 та лойиҳа амалга оширилади.
– Тармоқни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш учун инвестицияларни, айниқса, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, ушбу соҳадаги етакчи чет эл компаниялари билан юқори сифатли замонавий қурилиш материалларини кенг турда ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш борасидаги ишларга ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Президентимизнинг Россия Федерацияси, Хитой, Туркия ва Жанубий Корея давлатларига ташрифи доирасида 2017-2020йилларда замонавий импорт ўрнини босувчи қурилиш материалларини ишлаб чиқариш учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида илғор хорижий компаниялар билан умумий қиймати 1459,8 миллион долларлик 29 та келишув имзоланди. Бунда тармоқда 3935 та янги иш ўрнини яратиш кўзда тутилмоқда. Шулардан 12 таси 2018 йилда, 14 таси 2019 йилда, 3 таси 2020 йилда ишга туширилади.
Бу борада барча лойиҳалар бўйича тайёрлов ишлари бошланди. Фарғонадаги “Кварц” акциядорлик жамиятида флоат-ойна ишлаб чиқариш, Тошкент вилоятидаги “Ран тонг металл индастри” корхонасида арматура ишлаб чиқариш, “Оҳангаронцемент” акциядорлик жамиятида цемент ишлаб чиқариш ана шундай йирик лойиҳалар сирасидандир. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида импорт ўрнини босувчи экспортга йўналтирилган замонавий қурилиш материалларини, шу жумладан, архитектуравий ойна (60 миллион квадрат метр), сэндвич панеллар (750 минг квадрат метр), гулқоғоз (8 миллион квадрат метр), гранит ва мармардан ишланган буюмлар (580 минг квадрат метр), цемент (4,4 миллион тонна), сантехкерамика буюмлари (400 минг дона) ишлаб чиқарувчи янги қувватлар ишга туширилади.
– Мамлакатимиз қурилиш материаллари саноатининг истиқболи тўғрисидаги фикрингиз қандай?
– Бугунги кунда тармоқда жиддий ислоҳотларни амалга ошириш талаб этилмоқда. Биринчи навбатда соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва бу борада мавжуд имкониятларни ишга солишимизни иқтисодий жараёнларнинг ўзи талаб этмоқда. Негаки, янги, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун янги ғоялар ҳамда юртимизда мавжуд бўлмаган инновацион технологик ускуналар зарур бўлмоқда.
Эркин иқтисодий муносабатлар асосида фаолият юритаётган ички ва ташқи бозор, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштиришни талаб этмоқда. Тармоқда жуда катта захира, салоҳият ва имкониятлар мавжуд. Улардан профессионал тарзда, оқилона ва самарали фойдаланиш соҳанинг келгусидаги истиқболини белгилаб беради.