Мамлакатимиз спортида допингга қарши кураш янада кучайтирилади

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги томонидан спортда допингга қарши курашни янада кучайтириш, мураббийлар ва спортчиларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини оширишга бағишланган семинар ўтказилди.
Спорт федерациялари вакиллари, мураббийлар, шифокорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда ёшларни жисмоний тарбияга кенг жалб этиш, маҳоратли спортчилар сафини кенгайтириш ва халқаро миқёсда юқори натижаларни қайд этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юқори самара бераётгани таъкидланди.
Семинарда мутахассислар томонидан бугунги кунда Миллий антидопинг агентлиги томонидан соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот берилди.
– Бугунги кунда инсон соғлиғи учун допинг қабул қилишнинг салбий оқибатлари хусусида жамоатчиликни хабардор этиш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқдамиз, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги бош директори Нодиржон Турсунов. – Шу мақсадда барча спорт федерациялари билан ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Мамлакатимизда Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш, халқаро ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Семинарда спорт мутахассислари билан келгусида соҳада амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларни келишиб олдик.
Тадбирда ташкилотчилар томонидан антидопинг дастурлари билан ишлаш, бу масалага ҳар бир спорт федерацияларидан масъул ходимларни жалб қилиш бўйича зарур вазифалар белгиланди.

 

Абдулазиз Мусаев, ЎзА