Хронометраж нима, у жаримага тортадими?

«Савдо дўконимиз ёнида жойлашган ошхонага солиқ ходимлари келиб, хронометраж ўтказишди. Хронометраж нима у, жаримага тортадими?»
Дониёр Эркинов, 
тадбиркор, Тошкент шаҳридан
Солиқ кодексининг 71-моддасига асосан, хўжалик юритувчи субъектларда кунлик ҳақиқатда келиб тушадиган нақд пул тушумини аниқлаш мақсадида хронометраж ўтказилади. Масалан, солиқ хизмати ходимлари савдо ёки хизмат кўрсатиш шохобчасига келиб, тушум ҳисобини юритиш учун иш куни давомида ўша ерда бўладилар.
Жорий йил сентябрь ойининг 20 куни давомида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан 494 та хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида хронометраж тадбирлари ўтказилган. Натижада маҳаллий бюджетга тушумлар миқдори кунлик ўртача 554 млн. сўмга оширилиши таъминланган.
Шунингдек, хронометраж тадбирлари давомида хўжалик юритувчи субъектларда 758 нафар фуқаро ноқонуний равишда ёлланиб, ишлаётгани аниқланган. Ўз навбатида, ишчилар сонини ўз ҳисоботларида камайтириб кўрсатган корхоналарга белгиланган тартибда талабномалар юборилиб, норасмий ёлланма ходим сифатида фаолият юритаётган фуқароларнинг барчаси рўйхатга олинган.
Лекин, хронометраж тадбирлари давомида мазкур хўжалик юритувчи субъектларга нақд пул тушумларини яшириш ҳолатлари бўйича жавобгарлик чоралари қўлланилмади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига асосан, 2018 йилнинг
1 октябридан бошлаб, давлат солиқ хизмати органлари хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ўтказилган хронометраж натижаларига кўра охирги ҳисобот даври учун товар (иш, хизмат)лар реализациясидан камайтириб кўрсатилган тушумни ва ходимлар сонини қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда солиқларни ҳисоблашни амалга ошириш ҳақида талабнома юборади, камайтириб кўрсатиш такроран аниқланганда, ушбу ҳаракатлар солиқ тўлашдан бўйин товлаш сифатида малакаланади.
Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими

 

ЎзА