Ўзбекистонда саноат маҳсулотининг ўсишига нима сабаб бўлди?

2018 йилнинг январь – август ойларида ишлаб чиқарадиган саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 98,4 трилион сўмни ёки ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 107,7 фоизни ташкил этди.
Давлат статистика қўмитасининг Саноат статистикаси бошқармаси 2018 йилнинг январь – август ойларида Ўзбекистон Республикасининг саноат ишлаб чиқариши бўйича маълумотларни тақдим этди.
Ишлаб чиқарадиган саноат таркибида юқори технологияли тармоғининг улуши 1,4 фоизни (2017 йил январь – август ойларида 2,0 фоиз), ўрта-юқори технологияли – 28,2 фоиз (20,4), ўрта-қуйи технологияли – 31,4 фоиз (25,7) ва қуйи технологияли – 39,0 фоиз (51,9)ни ташкил этди.
Республика бўйича ишлаб чиқарадиган саноат маҳсулотининг ўсишига ўрта-юқори технологияли ишлаб чиқариш сезиларли ҳисса қўшган ҳолда 5,6 фоиз кўрсаткич билан 2017 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 122,2 фоизни ташкил этди.
Технологик жиҳозларни капитал таъмирлаш ишлари кимё корхоналари ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш ҳажмини ошириш имконини бериб, калий хлорид (2017 йил январь – августга нисбатан 133,8), аммоний нитрат (117,0), акрил асосли бўёқ ва лаклар (131,6), суперфосфатлар (168,2), формалдегид (1,9 мартага), азот, фосфор ва калийли минерал ўғитлар (2,8 мартага) бўйича ўтган йилга нисбатан ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ошиши таъминланди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасига етказиб берилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ҳам республика бўйича ўрта ва юқори технологияли ишлаб чиқариш маҳсулотларининг ошишига имкон берди.
2017 йил январь – августга нисбатан йирик корхоналар томонидан ишлаб чиқариш ҳажмлари бўйича плуглар 58,0 мартага, тракторлар 6,0 мартага, ғалла ўриш комбайнлари 18,5 фоизга, ўроқ машиналари 3,3 фоизга оширилди.
Ҳисобот даврида ишлаб чиқарадиган саноат маҳсулотининг ўсишига ўртақуйи технологияли ишлаб чиқариш корхоналарининг қўшган ҳиссаси 1,1 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, корпоратив бошқарув тизимларини замонавий талабларга мос равишда такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шу жумладан, металлургия ишлаб чиқариш қувватларини янада тўлиқроқ ишга солиш мақсадида, ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий ва инвестициявий жараёнларни бошқариш бўйича халқаро стандартларни жорий этиш орқали металлургия саноати корхоналарида бошқарув самарадорлигини ва ишлаб чиқариш ҳажми (2017 йил январь – августга нисбатан 104,5 фоиз) оширилиши таъминланди.

 

ЎзА