Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларида янги давр” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Эргашев, Афғонистон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сайид Шаҳобиддин Тимурий, “Ўзбекистон-Афғонистон” дўстлик жамияти раиси, Тошкент давлат шарқшунослик институти ректори Абдураҳим Маннонов, олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Афғонистонда 40 йилдан ортиқ вақтдан бери нотинч вазият ҳукм сурмоқда. Мамлакатимиз дунё эътиборини ушбу жараёнга қаратиб, қўшни диёрда тинчликка эришиш орқали минтақада барқарор тараққиётга эришиш борасида қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни фаол қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, ташкил қилинган “Ўзбекистон-Афғонистон” дўстлик жамияти халқларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш имконини беради.