Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар

Жорий йил 20-21 сентябрь кунлари Тошкентда ўтказиладиган халқаро конференция ана шундай номланди. Бу бежиз эмас албатта. 

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, минтақа транзит салоҳиятини биргаликда ривожлантириш, халқаро транспорт йўлакларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ташувлар жараёнидаги турли тўсиқларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, меъёрий-ҳуқуқий база ва тариф сиёсатини такомиллаштириш ҳисобланади.

markaziy_osiye_khal_aro_transport_y_laklari_tizimida_strateg.jpg
Халқаро талаблар ва меъёрларга жавоб берувчи, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида транспорт соҳасини комплекс ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, шу билан бирга, халқаро транспорт коммуникацияларининг интеграциялашувини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Бунда истиқболли келишувларни ҳаётга татбиқ этиш, ҳуқуқий базани такомиллаштириш устувор вазифаларидан ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, Европа ва Осиё мамлакатлари ўртасида транспорт коммуникацияси соҳасида транзит ва тариф сиёсатини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Мазкур конференция айни шу йўналишда ҳамкорлик дастурларини муҳокама қилиш, манфаатдор томонларнинг умумий қарашларини бирлаштиришга хизмат қилади.

Анжуман тўртта шўъба йиғилишига бўлинган тарзда ташкил этилади. Унинг 2-шўъба мажлисларида темир йўл транспортини ривожлантиришнинг халқаро ва минтақавий тенденциялари масалалари юзасидан фикр алмашилади. Унда қуйидаги устувор йўналишлар бўйича маърузалар тингланади ва тақдимотлар ўтказилади:

– жаҳон ва Марказий Осиё темир йўл транспорти инфратузилмасини ривожлантириш истиқболлари;

– Марказий Осиё давлатлари темир йўл тармоқларига ахборот технологиялари, маркетинг ва рақамли транспорт хизматларини жорий этиш;

– Марказий Осиё темир йўл транспорти инфратузилмасида хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва халқаро молия тузилмалари иштирокидаги янги лойиҳаларни ишга тушириш;

– Марказий Осиёда янги темир йўл транспорт йўлакларини яратиш ва мавжудларини такомиллаштириш;

– Марказий Осиё давлатларининг темир йўл компаниялари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликнинг янги формати ва усулларини ишлаб чиқиш;

– Темир йўл тарифларини тартибга солиш;

– Марказий Осиё темир йўл транспорти инфратузилмасидан хорижий давлатларнинг денгиз портларига чиқиш учун фойдаланиш;

– Марказий Осиё темир йўл транспорти коммуникациялари ривожланишининг комплекс муаммолари ва чекловлари.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари темир йўлларининг умумий узунлиги 22 минг километрга тенг. Минтақадаги темир йўлларнинг қарийб 18 фоизи мамлакатимиз улушига тўғри келади. Қайд этиш керак, юртимизда минтақа транспорт-транзит салоҳиятини оширишга қаратилган қатор лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.

Жумладан, 2016 йил 22 июнь куни «Ангрен-Поп» темир йўли очилди. 2017 йил март ойида эса «Тошкент-Олмаота» йўналиши бўйича тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилди.

2017 йилда Амударё орқали ўтадиган «Туркманобод-Фороб» янги темир йўл ва автомобиль кўприклари очилди. Бу юк ташиш ҳажмини 2,5 баробар ошириш имконини берди.

Жорий йил март ойида Ғалаба-Амузанг-Хошади темир йўл тармоғи ишга туширилди. Бу транзит юкларни ташишни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга ва Туркманистон ва Афғонистонга чиқиш учун қўшимча имкониятлар яратади.

2011 йилда Ўзбекистон томони ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан қуриб фойдаланишга топширилган Афғонистондаги илк темир йўл – «Ҳайратон-Мозори Шариф» ушбу мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда катта ҳисса қўшмоқда.

Истиқболда Афғонистонда “Мозори Шариф-Ҳирот“ темир йўлини қуриш лойиҳаси амалга оширилади. Мазкур йўл Ўзбекистоннинг товар айирбошлаш ва транзит имкониятларини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз. Натижада мамлакатимиз Эрондаги, шу жумладан, Бандар Аббос ва Чобаҳор бандаргоҳларига тўғридан-тўғри чиқиш имконига эга бўлади.

Бўлажак конференцияда минтақамиз транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантириш, уни халқаро транспорт хабига айлантириш, Марказий Осиё орқали ўтадиган халқаро транспорт йўлакларининг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш кутилмоқда.

 
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Ахборот хизмати

 

ЎзА