АҚШ делегациясининг учрашувлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев 18 сентябрь куни АҚШнинг диний эркинлик соҳасида алоҳида топшириқлар бўйича элчиси С.Браунбэк бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида ўзаро ишонч ва манфаатдорликка асосланган муносабатлар қарор топгани қайд этилди. Мамлакатларимизнинг диний бағрикенгликни таъминлаш, эътиқод эркинлиги ва диний фаолият учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги тажрибаси ҳақида фикр алмашилди.

Учрашувда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, хусусан, эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида қатор ютуқларга эришилгани, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилиши таъкидланди.

Делегация аъзолари мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган ишлар, жумладан, эътиқод эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо берди. Диний эркинликни таъминлаш масалалари бўйича АҚШ билан йўлга қўйилган амалий мулоқот ўз натижаларини беришига ишонч билдирилди.

8.JPG

Ташқи ишлар вазирлигида ўтган учрашувда жорий йил июль ойида Вашингтонда ўтган халқаро конференция доирасидаги музокараларнинг давоми сифатида диний эркинликлар таъминланиши соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Музокараларда диний эркинлик амалиётини яхшилаш соҳасида ҳамкорлик масалалари, жумладан, ноҳукумат ташкилотлари ва таҳлилий доиралар ўртасидаги алоқалар бўйича Ўзбекистон – АҚШ мулоқотини давом эттиришдан томонлар бирдек манфаатдор экани таъкидланди.

9 (1).JPG

АҚШ делегацияси Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам учрашув ўтказди. Элчига виждон ва эътиқод эркинлиги, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, диний ташкилот фаолияти ҳақида сўзлаб берилди.

Учрашув сўнггида меҳмонлар Мўйи Муборак мадрасасида сақланаётган Усмон Мусҳафи ва Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий-маърифий ёдгорликлар билан танишди.

 

Улуғбек Шоназаров, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА