Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасида алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Самуэль Браунбэкни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Жорий йил май ойида Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган ва Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклигида янги даврни бошлаб берган олий даражадаги музокаралар натижалари юксак баҳоланди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари, жумладан, диний эркинлик ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги конструктив мулоқотни ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратаётгани таъкидланди. Президентимиз қайд этганидек, Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги сиёсати барча конфессия вакиллари учун тенг шароитлар яратишга асосланган.
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида диний-маърифий соҳадаги фаолиятни тубдан такомиллаштиришга оид аниқ чоралар кўрилди.
Бағрикенглик, меҳр-оқибат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, билимга чанқоқлик каби халқимиз маънавий-ахлоқий ҳаётининг ажралмас жиҳатларини янада юксалтириш ва тарғиб этиш, диний-маданий меросни асраб-авайлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда ислом динининг ҳақиқий инсонпарвар моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди.
Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг барча учун таълим олиш имкониятини таъминлаш, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, виждон, дин эркинлиги ва эътиқод қилувчиларнинг бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» номли махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
Самуэль Браунбэк самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, АҚШ Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли ўзгаришларни қадрлашини ва қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Мамлакатимиз диний эркинлик ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда катта муваффақиятларга эришгани алоҳида қайд этилди.
Томонлар Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги кўп қиррали, жумладан, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш, бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр экани таъкидланди.