Амир Темур отининг лақаби “Ўғлон” эди

Кўҳна мозийни йилқисиз тасаввур этиш қийин. 
Тўғрироғи, не-не қирғинларни бағрига босиб ётган ўтмиш саҳифаларида кўплаб жаҳонгирлар қаторида тарих мулкига айланган отлар изи бор. Дейлик, ҳазрати Муҳаммад солиоллоҳу алайҳи вассалам Буроқ, ҳалифа Али Дулдул, фотиҳ Искандар Буцефал каби арғумоқлар билан эсланади. Отчилик тарихи тадқиқини ушбу қадимий отлар силсиласида таҳлил қилганда қўҳна дунё йилқичилиги номаён бўлади. Яъники, Буцефалу Буроқлар тимсолида араб ва фриз отларининг ўтмиш қаърига сингиб кетган селекцияси бўй кўрсатади. Ҳар икки тарихий зотнинг нечоғлик қадимий эканлигини далиллайди.
Ана шу эски зотлар сирасида ўзбек элининг кўпминг йиллик қадрдони ҳисобланмиш қорабайир отлари ҳам борки, қуйида соҳибқирон Амир Темурнинг суюкли Ўғлон лақабли оти тимсолида ўрта аср қорабайирлари ҳақида сўз юритамиз.
Дастлабки таъкид шуки, жаҳонгир бобомизнинг суюкли ва номдор отлари кўп бўлган. Лашкар эли мунтазам тоза қонли жангчи отлар билан таъминлаб турилган. Бунинг учун соҳибқирон давлати девонида “сипоҳсолар”, “мирохур” каби лавозимлар жорий этилиб, улар атроф-жавонибдан энг кучли, энг сара синчи-сайисларни лашкар ўрдасига жамлаган. Синчилар уюрлардан келажаги порлоқ тойларни синлаб келтирса, сайислар ана шу тойлардан учқур арғумоқлар чиқарган. Ҳар бир отнинг қадамию жилови қатъий назоратда бўлган. Саркарда бобомизнинг Эрону Турон, Ҳиндистону Гуржистон орасида шамолдан тез, қушдан илғор ҳаракатланишида синчи-сайислар меҳнати ётади аслида.
Ўрта аср солномаларида Амир Темур ва темурий ҳукмдорларнинг муҳорабалари, турмуш тарзи билан боғлиқ кечмишларида от билан боғлиқ жуда кўп хотиралар қайд этилган. Шулардан бири Ўғлон ҳақидаги қайдлардир. У ҳақдаги дастлабки ва нисбатан тўлиқ маълумот Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” сида қуйидагича келади:
– Амир Соҳибқирон ул вилоятнинг подшоҳлигини Тўқтамиш (Тўхтамишхон назарда тутилган – А. С) подшоҳга тақдим этди, асбоб-анжомларни муҳайё қилиб, уни ўша мамлакатда қолдирди, учқурликда шамолдан ўзувчи, тезликда сувдан ҳам ўт чақнатувчи Ўғлон номли бўз отини унга инъом қилди…
Бу воқеалар 1379 йилда содир бўлади. Амир Темур кўмаги билан Оқ Ўрда тахтига ўтирган Тўхтамишхон (бир оз ўтиб) яна бир чингизий Темур Малик ўғлон ҳужумига дош бера олмайди. Яна Самарқанд сари от қўяди. “Зафарнома” да бу жараёнлар мана бундай акс этган:
– Кўп жанг ва муҳорабадан кейин Тўқтамиш ортига юз ўгирди ва одамларию лашкаридан узоқлашиб қолди. Шундан сўнг амир (Амир Темур назарда тутилмоқда – А. С) берган отга миниб танҳо ўзи Амир Соҳибқирон ҳузурига йўл олди… Ул давлат соҳибининг узоқни кўрадиган муборак назари (шарофати) билан ул номдор от сабабли халос топди…
Демак, Тўхтамишхонни муқаррар ўлимдан ана шу от сақлаб қолган. Шу арғумоқ уни ғанимларига етказмай Самарқандга – соҳибқирон ҳузурига олиб келган. Демак, узоқни кўра биладиган давлат соҳиби ёш ҳукмдорга мустаҳкамланиб олиши учун чопганда қушдан ўтадиган ноёб йилқи ҳадя этган. Кўринадики, Амир Темур уни чиндан ҳам салтанатининг шимолий сарҳадларига ишончли волий этиб қўймоқчи бўлган. Бепоён шимол дашти тинч бўлса, дуру жавоҳирга бой жанубни забт этиш ишлари осон кечган. Шу боис бағир босиб қолган тоза қонли арғумоғини тортиқ этган. Ҳофиз Абрунинг ёзишича, саркарда Тўхтамишга Ўғлонни тортиқ қилаётиб шундай деган экан:
– Бу отни авайлаб сақлагин. Кун келиб яраб қолади…
Афсуски…
Аввалига ота-ўғил киришгани ёш тождор пайт келиб мустақил ҳукм юритишни хоҳлаб қолади. Бу ҳам етмагандек Амир Темур рақиблари билан ҳуфёна тил бириктиради. Энг аянчлиси, соҳибқирон қўшини Эрон сари отланганда Маворауннаҳрга босқинчилик қилади.
Натижада (ғазабга келган) соҳибқирон 1395 йили Терек дарёси бўйидаги муҳорабада Тўхтамишхон номини тарих саҳнасидан супуриб ташлайди. Надоматлар бўлсинки, ўтмишнинг кейинги саҳифаларида Ўғлон ҳақида бирор хабар учрамайди.
Балким, кейинги тарихтопарлар қайдаларидан чиқиб қолар…
Анвар Суюнов,
Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси матбуот котиби
PS: Материал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти доирасида тайёрланди.

 

ЎзА