“Шўртангазкимё” мажмуаси учун инвестицион лойиҳалар молиялаштирилиши мумкин

Швейцариянинг “Credit Suisse” банки Ўзбекистон нефть ва газ саноати лойиҳаларини молиялаштиришга тайёр эканлигини билдирган. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ахборот хизмати хабар берди.

Яқинда жамият раҳбарияти Швейцариянинг “Credit Suisse” банки вакиллари билан ўтказган учрашувда мазкур молиявий ташкилотнинг “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришдаги иштироки муҳокама этилди.

Унда жамият фаолияти, нефть ва газ саноати доирасидаги инвестицион лойиҳалари ва мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилар экан, Швейцария банки вакиллари “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг инвестицион лойиҳаларини молиялаштиришга катта қизиқиш билдирган.

Уларнинг фикрига кўра, лойиҳаларни молиялаштириш нафақат тижорат мақсадида, балки “Credit Suisse” банкининг “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти билан стратегик муносабатларнинг ўрнатиш ҳамда ҳамкорликнинг узоқ муддатли бўлишидан умидвордир.

Якунда томонлар “Шўртангазкимё” мажмуаси масъулияти чекланган жамиятининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва янги нефтни қайта ишлаш заводини қуриш бўйича инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини биргаликда кўриб чиқиш бўйича келишувга эришган.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА