ТАТУ ва БДИРУ қўшма факультет очиш тўғрисида келишиб олди

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) ва Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети (БДИРУ) Ахборот технологиялари қўшма факультети (АТҚФ ТАТУ-БДИРУ)ни ташкил этиш тўғрисида шартнома имзолади.
Ҳужжат ТАТУ ректори Т.Тешабоев ва БДИРУ ректори В. Богуш томонидан Беларусь делегациясининг Тошкент шаҳрига ташрифи доирасида имзоланди.
Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг маълумотларига кўра, қўшма факультет битирувчиларига иккита диплом ( ТАТУ ва БДИРУ) берилади. Бунда улар БДИРУ ёки ТАТУ магистратурасида магистрлик диссертациясини ҳимоя қилиш ва «магистр» академик даражасини олган ҳолда таълимни давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади. Янги факультетда мутахассисларни тайёрлаш Беларусь Республикасида белгиланган ва БДИРУда жорий қилинган таълим мутахассислиги ва йўналишлари бўйича амалга оширилади. Шундай қилиб, ТАТУда учта янги таълим йўналиши: ахборот технологияларининг дастурий таъминоти, мобиль дастурлаш тизимлари ва сунъий интеллект каби йўналишлар яратилди. Янги факультетга ўқишга кириш учун рус тилини билиш зарур. Чунки, барча ўқув дастурлари БДИРУ томонидан ишлаб чиқилган. Таълим икки босқичда олиб борилади. Унинг дастлабки икки йили ТАТУда, қолган икки йили БДИРУда ўтади ва шу ерда тегишли малакани эгаллаган битирувчиларнинг диплом лойиҳаси ҳимояси бўлиб ўтади.
Янги факультет мамлакат дастурчиларини тайёрлаш сифати ва маҳаллий АТ-кадрларининг ихтисослашув даражасини ошириш имконини беради.

 

Роман Бондарчук​, ЎзА