Ўлиб бораётган шаҳарлар

Сарлавҳани ўқиб, “шаҳарлар ҳам ўлар эканми?”, деган саволни беришингиз мумкин. Бу ерда гап кўчма маънода кетмоқда.
 
photo5253608515229034805.jpg
Одамлар яшамаганидан кейин шаҳарлар ҳам “ўлади”. Бунга табиий офатлар – сув тошқинлари, қуюн, бўрон, тўфон, вулқон отилиши, зилзилалар сабаб бўлади. Ҳозир биз табиий офатлар натижасида эмас, балки инсонларнинг таъсирида йўқ бўлиб кетаган шаҳар ва қишлоқлар ҳақида сўз юритамиз.
Россияда сув остида қолган шаҳарлар ҳақида гапирганда, бу рўйхатга Молога, Калязин, Корчева, Весьегонск, Пучеж, Спасск-Татарский, Бердск, Шагонар каби шаҳарларни киритиш мумкин. Бу шаҳарлар сув омборлари қурилиши муносабати билан сув остида қолган.
Тўғри, шаҳар аҳолиси бошқа жойга кўчирилган. Масалан, Самара вилоятидаги Ставрополь қишлоқ аҳолиси сув омбори қурилганидан сўнг янги жойга кўчирилган. Бу жой ҳозирда Тольятти деб аталади. Ярослав вилоятидаги Молога аҳолиси ҳам тўғон қурилиши сабабли қўшни Рибинск ва Тутаев шаҳарларига кўчирилган. Молога аҳолиси ўз шаҳарларини унутишмаган. Улар ҳар йили август ойи ўрталарида чўкиб кетган шаҳарларини кемада зиёрат қилишни анъанага айлантирган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, йирик сув омборлари ва тўғонлар қурилиши муносабати билан ўнлаб қишлоқлар сув остида қолади. Масалан, хитойлик рассом ва суратчи Янг Йи чўкиш арафасида турган ўз қишлоғини суратларда акс эттиришга ҳаракат қилган. Унинг Чунцин вилоятидаги Кайсянь қишлоғи 2009 йилда йўқ бўлиб кетди. Бунга Янцзи дарёсига “Уч дара” номини олган жаҳонда энг йирик бўлмиш гидроэлектро станциясининг қурилиши сабаб бўлган. Мухбирларнинг сўзларига қараганда, ГЭС қурилиши оқибатида 1300 қишлоқ, 140 посёлка ва 12 шаҳар сув остида қолган ёки йўқ қилинган. 1,3 миллион киши киндик қони тўкилган юртларидан бош олиб кетишга мажбур бўлди. Янг Йи 1800 йиллик тарихга эга шаҳар ҳаётини 2005 йилда суратга олишга муваффақ бўлди.
Шаҳарсозликдаги хатоликлар ҳам бир қатор фожиаларга сабаб бўлади. Хитой Тайпейидаги Саньчжи бунга мисол бўла олади. Бу шаҳар ўтган асрнинг 70-йилларида финляндиялик меъмор Матти Суронен лойиҳаси асосида қурила бошланди. Уйлар худди учар ликопчага ўхшаб кетарди. Бироқ лойиҳа қиммат бўлгани боис қурилиш бошланди-ю ташланди. Барпо этилган бинолар сайёҳларни ўзига жалб қилаётган бўлишига қарамай, шаҳарга кутилганидан ҳам оз сайёҳлар ташриф буюрмоқда. 2008 йилда шаҳарни бузиб ташлаш ҳақида қарор қабул қилинди ва икки йил ўтиб бутунлай бузиб ташланди.
АҚШда 1970 йилда Сент-Луис шаҳрининг Пруитт-Айгоу мавзесидаги қурилишлар муваффақиятсиз якунланди. Мавзе бир зумда йўқ қилинди. Бу жараён телевидение орқали намойиш этилди. Мавзе меъмор Минору Ямасаки томонидан ўтган асрнинг 50 йилларида лойиҳалаштирилган бўлиб, 33 та бино ўрта синф вакиллари учун турар жой иншооти сифатида намунавий бўлиши керак эди.
Мавзеда истиқомат қилувчиларнинг қашшоқлиги жиноятларнинг кўпайиб кетишига олиб келди. Бу ўз навбатида назорат қўлдан чиқиб кетганини англатди. Аҳоли уй ва коммунал хизматлар учун ҳақ тўламагани боис бинога хизмат кўрсатиш тўхтатилди. Натижада бинолар вайронага айланди. Ҳукумат мавзени фалокатли ҳудуд, деб эълон қилди ва 1972 йилдан бошлаб одамларни бинолардан олиб чиқа бошлади. Мавзе тўрт йил деганда одамлардан тўла озод қилинди.
Бир киши бутун бир шаҳарни йўқ қилиши мумкинми? Мумкин экан. 2004 йилда АҚШнинг Грэнби шаҳрида истиқомат қилувчи Марвин Химейер шу ишни қилди. У ўзига тегишли ерларни “Моинтаин парк” заводи эгаллаб олишидан жаҳли чиқиб бульдозери билан маҳаллий заводни, маъмурият биносини, маҳаллий газета идорасини ва ўнлаб турар жой биноларини ер билан яксон қилди. Тўғри, инсоний талофатлар қайд қилинмади. Химейернинг ўзи эса ўз жонига қасд қилди.
Кўплаб аҳоли пунктлари ҳарбий ҳаракатлар натижасида ер юзидан супуриб ташланмоқда. Айрим шаҳарлар кейинчалик қайта тикланган. Бунга даҳшатли бомба ҳужумларига учраган Дрезден, Хиросима ва Нагасаки шаҳарларини мисол сифатида келтириш мумкин. Бу учала шаҳар ҳам 1945 йилда бутунлай йўқ қилинган бўлишига қарамай, кейинчалик қайта тикланган эди.
Қизил денгиз соҳилидаги Ямит шаҳрининг тарихи ўзгача. Бу шаҳар 1960-йилларнинг охирида босиб олинган Миср ерларида барпо этилган. Шаҳар автомобиль ҳаракатидан ҳоли бўлиб, жуда ҳам шинам эди. Аҳоли эндигина жойлашиб, мактаб ва болалар боғчалари қуриб тинч яшай бошланганларида шаҳар Мисрга қайтарилди. Аҳоли эса Исроил томонидан кўчириб юборилади, уйлар бузиб ташланади.

 

ЎзА