“Очиқлик индекси” рейтинги эълон қилинди

Маълумки, Вазирлар Маҳкамаси томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича жамоатчилик кенгаши шакллантирилган. Ушбу кенгаш экспертлар иштирокида давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини мониторинг қилиб, баҳолаш натижаларини ҳар йили икки маротаба эълон қилиб боради. 
 
photo5253788985459845636.jpg
Бугун “Тараққиёт стратегияси” марказида Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг “Очиқлик индекси” бўйича навбатдаги рейтинги эълон қилинди. Унинг натижаларига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 64.30 балл билан мамлакатимиздаги 45 та давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи орасида – 4 ўринни, 21 та вазирлик ичида эса 3-ўринни эгаллади.
photo5253788985459845638.jpg
Ўтган галги рейтинг баҳолашда Соғлиқни сақлаш вазирлигига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари орасида 5-ўрин берилган эди. Жорий йил 1 июлгача бўлган даврни ўзида ифодалаган “Очиқлик индекси” рейтинги 45 та давлат ҳокимияти ва бошқаруви органини қамраб олди.
Шу пайтгача рейтинг баҳолашда фақат давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларга эътибор қаратилган бўлса, жорий йилдан бу ишларнинг сифати ва сони, унинг самарадорлигини баҳолаш каби янги мезон асосида ўтказилди. Бунда, энг аввало, давлат ҳокимияти органлари раҳбариятининг кенг аудитория билан мулоқоти, учрашув, матбуот анжуманлари, брифинглардаги бевосита иштироки, ахборот хизматлари фаолияти ва ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги ҳамда аҳоли мурожаатларини ўз вақтида қаноатлантирилганига алоҳида урғу берилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунида белгиланган талабларга тўлиқ риоя қилган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Бунда вазирлик Матбуот хизмати фуқароларнинг ижтимоий аҳамиятга молик ахборотлардан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлаш, давлат органлари ва аҳоли ўртасида ўзаро ахборот алмашишнинг аниқ механизмларини яратиш бўйича қатор амалий ишлар олиб бормоқда.
Маълумот учун, ушбу рейтингдаги учликни Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Марказий банк эгаллаб турибди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 
Ахборот хизмати.

 

ЎзА