Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси ИИБ академиясида ўқишни истовчи ёшлар учун танлов шартлари ҳақида маълумот берди.
Шунга кўра, буйруқ асосида факультетга ички ишлар органларининг офицерлар ва сержантлар таркиби ходимларини махсус касбий тайёрлаш йўналишида олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар маълумотга эга бўлган шахслар ва ҳарбий хизматчилар танлов асосида қабул қилиниши белгиланган.
Танлов икки босқичда бўлиб, дастлабки танлов ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиз ёшдан катта бўлмаган фуқаролар мурожаатлари асосида керакли ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш жараёни, ҳудудий ИИБ бошлиқлари билан дастлабки якка тартибдаги суҳбат, умумий жисмоний тайёргарлиги ҳамда биринчи босқичдаги тиббий кўрик текширувларидан ўтказилади.
Танловнинг иккинчи босқичида ИИВ академиясида номзодларнинг ички ишлар органлари хизматига бўлган махсус-профессионал ва касбий психологик лаёқати ўрганилади. Якка тартибдаги якуний суҳбат орқали уларнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти, фикрлаш қобилияти ва дунёқараши баҳоланади.
Ярим йиллик махсус касбий тайёрлаш ўқув жараёнларини мувафаққиятли якунлаган офицер ва сержантлар таркиби ходимлари учун махсус касбий тайёрлаш курси бўйича таълим дастурларини тўлиқ ўзлаштирганлиги бўйича диплом берилади. Аттестациядан муваффақиятли ўтган курс тингловчиларига “Ички ишлар вазирлиги Академиясининг касбий тайёргарлик факультети тўғрисида”ги Низомга кўра «лейтенант» ҳамда «сержант» махсус унвонлари ҳамда тегишли намунадаги диплом тақдим этилади.
ЎзА