Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.
Ана шу ташриф доирасида юртимизга келган Беларусь мамлакатининг йирик автомобиль заводи “BelAZ” очиқ акциядорлик жамияти раҳбари Пархомчик Петр Александрович бошчилигидаги делегация аъзолари “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Сангинов билан учрашди.
Дўстона, самимий руҳда ўтган мулоқот давомида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида фикр-мулоҳазалар алмашилди. Учрашувда ҳудудларда қурилаётган ГЭСлар ҳамда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида барпо этилаётган йирик “Пскем” ГЭСининг қурилиши учун зарур бўлган 42-45 тоннани ташкил этувчи оғир карьер самосвали яъни BelAZ-7547 русумли автосамосвалларни харид қилиш ва етказиб бериш борасида келишиб олинди.
Қайд этиш жоизки, 1948 йилда ўз фаолиятини бошланган “BelAZ” қурилиш соҳасида зарур бўлган йирик техника воситаларини ишлаб чиқарувчи етакчи автомобиль заводи ҳисобланади.
Бугунги кунга заводда ишлаб чиқарилаётган техникалар қурилиш соҳасининг турли йўналишларида кенг қўлланилмоқда. Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда “BelAZ”нинг 700 дан ортиқ турли русумдаги автосамосвалларидан фойдаланилмоқда.
Дунёга машҳур автомабиль заводи “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятининг доимий ҳамкори ҳисобланади. Мазкур заводда ишлаб чиқарилган автосамосваллар ёрдамида жадаллик билан қурилиш ишлари олиб борилаётган мини, кичик, ўрта ва йирик гидроэлектростанциялар қурилмоқда.
Учрашув сўнггида “Ўзбекгидроэнерго” ва “BelAZ” ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Сайёра Шоева, ЎзА