Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида шу йилнинг 7-8 август кунлари пойтахтимизда ўтказилган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзуидаги халқаро конференциянинг ташкил этилишида фаол қатнашган ҳамкор ташкилотларнинг бир гуруҳ вакилларини тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда ушбу ижодий анжуман ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти дурдоналари билан кенгроқ танишиш, уларни хорижий давлатларда мунтазам чоп этиб бориш, ижодкорларнинг ўзаро фикр алмашиши, доимий дўстона, ижодий алоқалар ўрнатиши йўлидаги муҳим қадам бўлгани таъкидланди.
Илк бор ўтказилган нуфузли анжуманда Озарбойжон Ёзувчилар бирлиги раиси, атоқли ёзувчи Анор муаллим, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат, Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Низом Қосим, шунингдек, дунёнинг ўттизга яқин давлатидан қирққа яқин ёзувчи ва шоирлар, таржимонлар, адабиётшунос олимлар иштирок этди.
Давлатимиз раҳбарининг адабиётимиз ривожи йўлидаги улкан ислоҳотлари, эътибор ва ғамхўрлиги, шунингдек, адабиётимизнинг фидойилари, жонкуярлари – ташкилий гуруҳ, ишчи гуруҳ вакиллари, ташкилотчилар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарияти ва ходимлари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, волонтёр ёшларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли конференция юқори савияда ташкил этилиб, юртимизга келган меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Тадбирда ана шундай фидойи ва жонкуяр ташкилотчилар уюшма томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбирда ана шундай фидойи ва жонкуяр ташкилотчилар уюшма томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА