Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг Японияга ташрифи доирасида Япония парламентида икки томонлама ўзбек-япон муносабатларига доир тадбирлар бўлиб ўтди.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси – Япония парламенти” парламентлараро форумининг навбатдаги мажлиси ва “Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши бўйича демократик ислоҳотлар ва янгиланишлар йўли. Ўзбекистоннинг Япония билан ҳамкорлик истиқболлари” номли ўзбек – япон симпозиуми Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ташаббуси билан Япония парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси кўмагида ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг янги йўналишига юксак баҳо берди. Кўрилаётган чора-тадбирлар кенг кўламли, пухта ўйланган ва амалий аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилди. Буларнинг барчаси юртимизнинг жадал ривожланаётган мамлакатлардан сафидан жой олишида муҳим омил бўлмоқда.
Япониялик экспертлар Ўзбекистон Япониянинг ташқи сиёсати ва ташқи иқтисодий манфаатлари учун стратегик муҳим мамлакат эканини, давлатларимизнинг стратегик шериклигини янада изчил чуқурлаштиришга кўмаклашишга тайёрлигини таъкидлади.
Ўзбекистон делегациясининг ташрифи давом этмоқда.