Қарор ва ижро
Акциядорлик тижорат Халқ банки давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, мижозларига сифатли хизмат кўрсатиш, қўшимча қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Халқ банки филиалларида босқичма-босқич ташкил этилаётган Чакана банк хизматлари марказларидаги “Фронт офис” ва “Бэк офис” хизмат турлари мижозларга манзур бўлмоқда. Бу йил якунига қадар 27 филиалда ана шундай марказ ташкил этиш кўзда тутилган. Барча филиалларда «Ресепшн» хизмати йўлга қўйилиб, мижозларга банк хизмати бўйича дастлабки маълумотлар берадиган 195 маслаҳатчи лавозими ташкил этилди.
Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуманда Халқ банки томонидан амалга оширилган замонавий хизматлар хусусида сўз юритилди.
Акциядорлик тижорат Халқ банки бошқаруви раиси ўринбосари вазифасини бажарувчиси М.Эшниёзов мамлакатимиз банк тизимида рўй бераётган ўзгариш, янгилик ва яратилаётган қулайликлар халқ манфаати ва фаровон ҳаёти йўлида қилинаётган эзу ишлар эканини қайд этди.
Бу жараёнда Халқ банки томонидан аҳоли учун валюта айирбошлаш амалиётини енгиллаштирувчи янги банк хизматлари жорий этилгани, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш учун имкониятлар яратилгани, банк филиаллари кредит ажратишда мустақил қарор қабул қилаётгани, уларда халқаро тўлов карталаридан нақд чет эл валютасини ечиш механизми тўлиқ жорий этилгани янада аҳамиятлидир.
– Янги банк хизматларини жорий этишда халқаро тажрибалар қўл келмоқда, – деди Халқ банкининг Ахборот технологиялари бошқармаси ходими Пўлат Низомхўжаев. – Бугунги кунда юридик шахслар “Корпоратив мобиль банкинг” ва “Интернет банкинг” интерактив хизматлари орқали кредит маблағини назорат қилиш ва сўндириш имкониятига эга бўлди. Эндиликда жисмоний шахслар “Халқ мобайл” мобил иловаси ёрдамида миллий ва хорижий пластик карточкаларидаги маблағларни онлайн режимда бемалол бошқара олади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА