Россиялик жаҳон чемпиони маҳорат сабоқлари ўтказди.

Пойтахтимизда жойлашган “Универсал” спорт мажмуасида ҳаваскор ва профессионал бокс бўйича жаҳон чемпиони Константин Цзю маҳорат сабоқларини ўтказди.

Унда 100 дан ортиқ ҳаваскор боксчилар иштирок этди. Улар тажрибали боксчидан техник ва тактик жисмоний машқлар сирини ўрганди.

– Мамлакатда спортга улкан эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлдим. Ютуқлар тасодиф эмаслигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим, – дейди жаҳон чемпиони К.Цзю. – Маҳорат сабоқларида кўрсатмаларимни бехато бажаришга ҳаракат қилаётган болаларни кўриб, очиғи, ҳавасим келди. Ўзбек бокс мактаби жуда кучли. Келажакда бу боксчилардан ҳам чемпионлар чиқишига ишонаман.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ва Профессионал бокс федерацияси ташкил этган маҳорат сабоқлари сўнггида К.Цзю ва Осиё ўйинлари ғолиби, ҳамюртимиз Исроил Мадримов ўртасида спарринг жанг ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, Индонезияда ўтказилган XVIII Осиё ўйинларида боксчиларимиз 5 олтин ва 2 кумуш медални қўлга киритиб, юқори натижа қайд этди.

 

Ж.Тошхўжаев, ЎзА