Янги ўқув йилининг дастлабки куни Нукус шаҳридаги «Янги бозор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 45-умумтаълим мактаби янги иморати фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ. Сариев йиғилганларни мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги, янги ўқув йилининг бошланиши ва мактаб иморатининг фойдаланишга топширилиши билан қутлади.
Таъқидланганидек, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида таълим тизимида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, умумий ўрта таълим соҳасида 11 йиллик тизимнинг жорий этилиши, қатор йўналишлар бўйича кечки ва сиртқи бўлимларнинг очилиши, мактабгача таълим муассасалари тармоғининг кенгайтирилиши, нодавлат таълим хизмати кўрсатишнинг йўлга қўйилиши бунинг яққол исботидир. Шунингдек, педагог кадрлар ва халқ таълими ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йил март ойида бошланган қурилиш ишларини Нукус шаҳридаги хўжалик ҳисобидаги «Голден стар» қурилиш корхонаси қурувчилари сифатли қуриб битказиб, фойдаланишга топширди. Бу ерда 4 миллиард 478,4 миллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилди.
-Жами 216 нафар ўқувчига мўлжалланган мактаб иморатининг фойдаланишга топширилиши аҳолимиз учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди,-дейди «Янги бозор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нийетбой Қалбоев.- Чунки, авваллари фарзандларимиз Нукус шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли 4-, 41-, 44-, 22 ва 23- умумтаълим мактабларига қатнаб келди. Бу эса қатор муаммоларни келтириб чиқарар эди. Эндиликда эса, кенг ва ёруғ, барча қўлайликларга эга замонавий мактабда билим оладиган бўлди. Бунинг учун Юртбошимизга ота-оналар номидан чуқур миннатдорлик билдирамиз.
Шу куни 47 нафар 1-синф ўқувчисига Президент совғаси топширилди.
Шундай қилиб, янги мактабда янги ўқув йили “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида мустақиллик дарслари билан бошланди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат)