“Ўзбекнефтгаз” ҳамда “Газпром” ўртасидаги лицензия муддати яна 5 йилга узайтирилди

Жорий йилнинг 30 июнь куни “Россия 24” телеканалида “Шохпахта” кони ҳақида узатилган лавҳада қўшма газ ишлаб чиқариш лицензияси яна беш йилга узайтирилганлиги маълум қилинди.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ахборот хизмати маълум қилишича, амалдаги лицензиянинг муддати 2019 йилнинг март ойида тугайди. Жорий йилнинг май ойида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган халқаро иқтисодий форум доирасида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва “Газпром” очиқ акциядорлик жамияти ўртасида лицензия муддатини яна 5 йилга узайтиришга келишилган.
Бу кон 1962 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани ҳудудидаги Устюрт платосининг жануби-шарқий қисмида очилган. Ундаги реконструкция ва қазиш ишлари 2004 йилда 15 йиллик муддатга имзоланган маҳсулот тақсимлаш тўғрисидаги битим шартларига кўра амалга оширилади.
Маълумотларга кўра, 2004 йилнинг август ойидан буён “Шохпахта” конида 4 миллиард куб метрдан ортиқ газ қазиб олинган. Ўтган йил газ қазиб олиш ҳажми 311,4 миллион куб метрни, жорий йилнинг 15 август кунига қадар ушбу кўрсаткич 176,4 миллион куб метрни ташкил этган.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА