Оқилона валюта сиёсати – тараққиёт омили

2017 йилнинг 2 сентябрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Мазкур фармонга мувофиқ, мамлакатимизда валюта муносабатларини тартибга соладиган ҳамда юридик ва жисмоний шахслар хорижий валютани эркин сотиш ва сотиб олишга имкон берадиган янги бозор механизмини жорий қилиш бошланди.
Янги тартибга кўра, энди миллий валютамизнинг чет эл валютасига нисбатан айирбошлаш курси валюта биржасининг банклараро электрон савдоларида валютага бўлган талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда шакллантириладиган бўлди.
Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 7 февралда имзолаган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармоннинг “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш” деб номланган бўлимида валюта сиёсатини ислоҳ қилиш ушбу йўналишдаги биринчи зарурий қадам эканлиги таъкидланган ва ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан пул-кредит, солиқ-бюджет ва иқтисодий сиёсатнинг бошқа соҳаларида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг самарали мувофиқлаштирилишига боғлиқлигига алоҳида урғу берилган эди. Шу боис, ушбу фармон эълон қилинган кундан бошлаб мутасадди идоралар мазкур масалани талаб даражасида ҳал этиш учун кенг кўламли тайёргарлик ишларини олиб боришди.
Энг аввало, валюта сиёсатини эркинлаштиришга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Валюта сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида эълон қилинди ва умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Мазкур масалага қизиққанлар унга нисбатан ўз фикр ва мулоҳазаларини баён қилишди. Порталга тушган таклифлар валюта сиёсатини эркинлаштириш бўйича қабул қилинган фармонни бойитишга хизмат қилди.
Юртимизда миллий валютамизни хорижий валюталарга эркин конвертация қилиш механизмини такомиллаштириш билан боғлиқ ўта муҳим бир жиҳат намоён бўлганлигини эътироф этиш лозим. Яъни айрим давлатларда миллий пул бирликларини конвертация қилишнинг бошланиши ҳамма учун мутлақо кутилмаган пайтда ва олдиндан эълон қилинмасдан бошланади. Шу боис кўпчилик ғафлатда қолади ва бундан жуда катта моддий зарар кўради.
Бизда эса, бундан фарқли ўлароқ, ўзбек сўмининг конвертацияси бошланиши 2017 йилнинг бошидаёқ ҳаммага маълум қилинди. Конвертациянинг 5 сентябрдан бошланиши ҳақидаги қарор ҳам 2 сентябрда эълон қилинди.
Миллий пул бирлигининг эркин конвертация қилиниши нима учун керак, деган савол кўпчиликни ўйлантиради. Бу саволнинг жавоби Президентимиз томонидан 2 сентябрда имзоланган тарихий фармонда баён этилган. Конвертация, энг аввало, мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, экспортни рағбатлантириш, корхоналарнинг рақобатбардошлигини ошириш учун зарурдир.
Хорижий инвестор учун ҳар қанча имтиёзлар берилиб, жозибадор муҳит яратилса-ю, лекин миллий пул бирлик эркин конвертация қилинмаса, аксарият инвесторлар бундай мамлакатга келишга жазм қила олмайди. Негаки, хорижий сармоядор бундай шароитга кўникиши қийин. У бошқа давлатлардан олиб келган валютасини хоҳлаган пайтда ва хоҳлаган миқдорда конвертация қилиши, айниқса, ўзи ишлаб топган фойдани бошқа мамлакатга олиб кетиш имкониятига (ҳуқуқига) эга бўлиши керак. Мазкур фармон юртимизда шундай шароитни яратди. Бу эса ўз навбатида, мамлакатимизга хориждан келаётган инвестициялар миқдорининг кескин ошишига ҳуқуқий ва молиявий асос бўлиб хизмат қила бошлади.
Мазкур фармонда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг ижобий жиҳатлари жуда кўп бўлиб, улардан бири хорижга маҳсулот ва хизматлар экспорт қилувчи корхоналар фаолияти билан боғлиқ. Яъни валюта соҳасини либераллаштириш мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишни рағбатлантириш бўйича ҳам қатор янги имкониятлар яратди. Масалан, мамлакатимиз юридик шахслари товар, иш ва хизматлар импорти, фойда репатриацияси, кредитларни қайтариш, хизмат сафари харажатлари каби тўловларни амалга ошириши учун хорижий валюталарни чекловсиз сотиб олиш имкониятига эга бўлишди. Бир пайтнинг ўзида барча экспортчи корхоналарнинг чет эл валютасидаги тушумини мажбурий сотиш бўйича талаб ҳам бекор қилиндики, бунинг тадбиркорлик муҳитига кўрсатадиган ижобий таъсирини сўз билан ифодалаш қийин.
Кези келганда шуни ҳам алоҳида қайд этиш керакки, Марказий банк валюта сиёсатини либераллаштириш масаласида энг тўғри ва оқилона усуллардан фойдаланяпти. Валюта сиёсатига таъсир кўрсатадиган ташқи ва ички омиллар чуқур ўрганилиб, улар тўла эътиборга олинмоқда. Хорижий валютани ҳозирча нақд кўринишида эмас, балки фақат чет элда ишлатиш мумкин бўлган конверсион карталарга ташлаб берилаётганлиги ҳам бугунги кун учун тўғри. Чунки мамлакат ичида миллий пул бирлигидан бошқа валюталар муомалада бўлиши мақсадга мувофиқ эмас. Қолаверса, мазкур усул долларлашиб кетган иқтисодий ҳаётни бу салбий ҳолатдан озод қилишга ҳам хизмат қилади.
Узоқ вақт давомида кўникиб қолган шароит ўзгаришининг юридик ва жисмоний шахслар ҳаётига вақтинчалик характерга эга бўлган салбий таъсирлари ҳам борлиги кўпчилик учун сир эмас. Шу боис, фармонда мутасадди ташкилотлар уларни юмшатиш бўйича тегишли чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиши ва изчиллик билан амалга ошириши зарурлиги ҳам кўрсатилган. Масалан, валюта сиёсатини либераллаштириш жараёнида банк тизими учун вужудга келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш, таянч тармоқлар корхоналарини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чоралар кўриш, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлари турмуш даражасига кўрсатиши мумкин бўлган салбий оқибатларини камайтириш мақсадида уларни қўллаб-қувватлаш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги белгиланган эди ва улар изчиллик билан амалга ошириляпти.
Шу ўринда, кўпчиликни ўйлантириб келаётган бир масалага алоҳида тўхталиб ўтишни мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Яъни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини сўм айирбошлаш курсининг келгуси даврдаги ҳолати ташвишга солмоқда. Айримлар ҳамон сўм курсининг барқарор сақланишига хавотирлик билан қарашмоқда.
Ўзбек сўмининг қадри тақдиридан хавотирланиш ўринсиз эканлигини ўтган бир йиллик ҳолат кўрсатиб берди. Унга кўра, дастлаб сўмнинг курси ошган, кейинроқ эса, яъни 2017 йилнинг декабрь ва 2018 йилнинг январь ойлари бошларида сўмнинг курси пасайиб, 8187 сўмгача тушган. Лекин мутасадди идораларнинг ўз вақтида кўрган чора-тадбирлари натижасида 2018 йил февраль ойидан бошлаб сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси тобора оша борди ва 2018 йилнинг 14 августида у 7790 сўмни ташкил этди. Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, ўзбек сўмининг қуввати 2017 йилнинг 5 сентябрига нисбатан 3,8 фоизга ошган.
Бугун мамлакатимизда сўм айирбошлаш курси валютага бўлган талаб ва таклифга мос равишда ўзгариб бормоқда. Мутасадди ташкилотлар валюта сиёсатини бозор талабларидан келиб чиқиб, моҳирона бошқара олишлари мумкинлигини амалда исботлаб бўлишди.
Демак, сўмни айирбошлашнинг бозор механизмига ўтишнинг энг оғир бўлган дастлабки йилида унинг курси бошда белгиланган 8100 сўмдан пасайиши фақатгина 4 ой, яъни 2017 йилнинг декабрь – 2018 йилнинг март ойлари бошида юз берган, холос. Қолган ойларда эса сўмнинг курси (озгина истиснолар билан) асосан ошиб борган. Бугун ишонч билан айтишимиз мумкинки, бундай ижобий тенденциянинг келгуси даврда ҳам сақланиб қолишига мамлакатимизда барча асос яратилди.
Умуман олганда эса, валюта бозорини эркинлаштириш ва валюта айирбошлаш курсининг бозор механизмларини жорий этиш мамлакатимизда валюта сиёсатини ташкил этиш ва бошқаришнинг янги босқичини бошлаб берди, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилашга хизмат қиляпти, иқтисодий ўсиш суратлари янада юқори бўлиши ва халқ турмуш даражасининг кескин ошиши учун ишлатилаётган муҳим молиявий дастаклардан бирига айланиб улгурди.
Одил Олимжонов,
иқтисодиёт фанлари доктори,
профессор

 

ЎзА