Идишга Орол денгизи минтақаси ҳавосини жойлаган, чиғаноқлардан эсдалик сувенирларини ясаб, уларнинг савдосини йўлга қўйган қанликўллик тадбиркор Зафар Қурбанбаев фаолияти ҳақида хабар берган эдик.
Яқинда Қанликўл туманида яна бир ана шундай қизиқарли иш – бунёдкорликка қўл урилди.
Қанликўллик ҳунармандлар туман ҳокимлиги кўмагида “Arba” этномаданий марказини бунёд қилди. Марказ А-380 “Ғузор –Бухоро – Нукус – Бейнеў” автомагистрали бўйида қурилиб, атрофи кўкаламзорлаштирилди.
Халқлар дўстлигини ифодаловчи мазкур маданий марказда Марказий Осиё халқларига мансуб ўтовлар тикилган. Ўтовларда қардош халқларнинг миллий таомларидан татиб, миллий мусиқа наволаридан баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Айни пайтда “Arba” этномаданий марказида миллий қадриятлар асосида безатилган 200 ўринга мўлжалланган тўйхона ҳам ўз фаолиятини бошлаган. Туман аҳолиси муҳташам ва замонавий ушбу тўйхонада яхши кунларини баҳам кўрмоқда.
Тумандаги “Бўстон” овул фуқаролар йиғини ҳудудида қад ростлаган ўзгача услубдаги соябон-бекат ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Ижтимоий тармоқларда ғайриоддий бекат қурилиши қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бекат миллийликни акс эттиргани билан ажралиб туради.
Туманда амалга оширилаётган бу каби тадбирлардан асосий мақсад ҳудудда туризмни ривожлантириш ҳамда ҳудудга хорижий инвесторларнинг эътиборини жалб қилишга қаратилган.
Есимхон Қаноатов, ЎзА