Ўзбекистон ва Тожикистон – стратегик шерик мамлакатлар

Кўксаройдаги музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Қўшма баёнотни, Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик тўғрисида шартномани имзоладилар.
Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш, антимонопол сиёсат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, геология соҳасида қўшма илмий-тадқиқотлар ўтказиш, ҳарбий, илмий-техникавий, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги, таълим, ёшлар, маданият ва санъат масалаларига доир жами 26 ҳужжат имзоланди.
f59ba5ef-35ae-b421-def3-dd155006ac51.jpg
Мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликка оид, жумладан, Сурхондарё вилояти билан Хатлон вилояти, Самарқанд вилояти билан Сўғд вилояти ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик тўғрисида битимлар қабул қилинди.
Давлат раҳбарлари олий даражадаги музокаралар ва унинг натижасида эришилган келишувлардан мамнунлигини, Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома улар орасида алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

 

ЎзА