Имомали Раҳмон Мустақиллик ва эзгулик монументига гул қўйди

Мамлакатимизда давлат ташрифи билан бўлиб турган Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди.
Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.
Тожикистон Президенти ушбу муаззам майдон Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсатини, халқимизнинг бунёдкорлик ва фаровонлик йўлидаги эзгу интилишларини акс эттирувчи ноёб мажмуа эканини алоҳида таъкидлади.
Олий мартабали меҳмонга Мустақиллик майдони меъморий ечими, теран маъно-мазмуни ҳақида маълумот берилди. Майдон марказида қад ростлаган Мустақиллик ва эзгулик монументи Ўзбекистон танлаган йўл – Мустақиллик йўлини тарғиб қилиш, ўзбек халқининг бунёдкорлик салоҳиятини намоён этишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

 

Зиёдулла Жонибеков, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА