Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқиш, уни иқтисодиётнинг муҳим бўлаги сифатида ривожлантириш, фермер ва деҳқонлар малакасини ошириш, улар етиштирган маҳсулотларни жаҳон бозорига олиб чиқиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Нидерландиянинг қишлоқ хўжалиги соҳасини ҳар томонлама ривожлантиришдаги илғор тажрибасини ўрганиш, давлатлар, хусусий сектор ва таълим муассасалари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Саидкамол Хўжаев бошчилигидаги делегация Ниделандияга расмий ташриф буюрди.
Ташрифнинг илк кунида Нидерландия қироллиги қишлоқ хўжалиги, атроф-муҳит ва озиқ-овқат сифати вазири ўринбосари Марелин Соннема хоним билан учрашув ўтказилди. У Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, иқтисодиётдаги илғор технологиялар ва ишланмаларни жалб қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижаларини юксак баҳолаб, ўзбек деҳқонларининг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашда Нидерландия ҳукумати кўмак кўрсатишга тайёр эканлиги маълум қилди. Музокаралар якунида томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари акс эттирилган протокол имзоланди.
– Бирга ишлаш учун имкониятлар катта эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Ўзбекистон билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистондаги ўзгаришлар Голландия компанияларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Бугун биз боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик, сут маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларида кенг имкониятларни кўряпмиз, – дейди Марелин Соннема.
Ташриф давомида делегация вакиллари қишлоқ хўжалиги соҳасида жаҳонда етакчи олий таълим муассасаларидан бири – Вагенинген университетининг тадқиқот марказида ҳам бўлишди. Марказ халқаро миқёсда қишлоқ хўжалиги учун мутахассислар тайёрлайди. Хусусан, унда дунёнинг 100 давлатидан ўн мингга яқин талабалар билим олади, инновацион ишланма ва дастурлар амалга оширилади. Марказ ҳукумат, хусусий компаниялар, таълим муассасаларининг ўзига хос платформаси ҳисобланади.
Нидерландияда боғдорчилик иқтисодий ривожланишнинг 9 та устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Ташриф давомида делегация аъзолари учун боғдорчиликнинг асосий йўналишлари ҳамда таянч маълумотлар тақдимоти бўлиб ўтди. Университетнинг илмий-амалий иссиқхона комплекси билан ҳам танишилди. Бу ерда илмий ишланмаларни қўллаш ва қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришдан манфаатдор бўлган хусусий компаниялар буюртмаларини бажариш бўйича тадқиқотлар ўтказилади.
Делегация аъзолари ташриф буюрган кейинги объект голландиялик ишлаб чиқарувчилар уюшмаси бўлди. Мазкур Ассоциация агрокомпанияларни бирлаштиради ҳамда мева-сабзавотлар маркетинги билан шуғулланади. Бугунги кунда Нидерландия етиштирилаётган мева-сабзавотларнинг 80 фоизи уюшма аъзолари улушига тўғри келади. Уларнинг жами айланмаси эса йилига 12 миллиард евродан ошади.
Уюшма раҳбарияти ички ва ташқи бозорларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш занжирини яратишда тажриба алмашиш бўйича ўзбекистонлик фермерлар билан ҳамкорлик қилиш, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар бозорларига кириш, маҳсулотларни сертификациялаш ва логистика бўйича кўникмаларни оширишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Учрашув давомида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Нидерландия агентлигида деҳқончилик хўжаликларини меҳанизациялаш, паррандачилик фирмалари учун асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш ва Ўзбекистон деҳқонлари учун уруғлар ва зотдор молларни етказиб берувчи компаниялар вакиллари билан ҳам музокаралар ўтказилди. Голландиялик ҳамкорлар Ўзбекистонда Нидерландия компаниялари учун техник марказ ташкил этиш режаси борлигини маълум қилишди.
ЎзА