Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов ва раис ўринбосари Холмўмин Ёдгоров Хоразм вилоятининг Хонқа, Янгибозор, Хива, Шовот ва Ҳазорасп туманларида сайёр қабул ўтказди.
Ҳазорасп тумани Карвак қишлоғида бўлиб ўтган шундай тадбирда мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳадаги ислоҳотларни юқори босқичда давом эттиришга хизмат қилмоқда.
Сайёр қабулда тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар томонидан уларнинг яқин қариндошлари ёки ўзлари устидан чиқарилган суд ҳукмидан норозилиги ва мерос масаласи, оилавий ажримлар бўйича мурожаатлар тингланди. Зарур деб топилган ҳолларда қайта кўриб чиқиш учун қабул қилинди. Айрим фуқароларга тегишлилиги бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Шунингдек, турли оилавий низолар оқибатида ажрашмоқчи бўлган эр-хотинлар муаммоси ҳам тингланди. Оилавий ажримларни юзага келтирувчи омиллар, эр-хотин ўртасидаги тушунмовчилик, қайнона-келин муносабатларидаги зиддиятлар эшитилиб, уларга оилавий ажримларнинг ҳуқуқий ва ҳаётий салбий оқибатлари ҳақида тушунтириш берилди.
Ўтказилган уч кунлик сайёр қабуллар давомида вилоятдаги 10 дан ортиқ оилалар яраштирилди. Фуқароларнинг турли масалаларга оид 100 дан зиёд мурожаати тингланиб, қайта кўриб чиқиш учун қабул қилинди. Вилоят судлари раислари ва судьяларга аниқ топшириқлар берилиб, назоратга олинди.